Midweek: Жўлоний Трамп билан гаплашмоқчи, Оқ уйдагилар Путиндан норози
Таҳлил
−
08 Май 7898 11 дақиқа
Қодиров кетмоқчи
Ҳафтанинг энг эътиборни тортувчи хабарларидан бири бу – Россия таркибидаги автоном ўлка Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировнинг ўз лавозимидан кетиш учун рухсат сўрагани бўлди. 5 май куни у тўсатдан журналистлар билан суҳбатда истеъфога чиқиш нияти борлигини маълум қилди. Қодиров ўзи ҳақида шундай мазмундаги жуда кўп миш-мишлар борлиги, аммо бу ташаббус фақат унга тегишли эканини айтиб, унинг кетиш ҳақидаги илтмоси қабул қилинишига умид билдирган. Аммо у ўзининг бу баёнотидан кўп ўтмай, телеграмдаги каналида истеъфо ҳақидаги гапларининг маъносини кўпчилик тушунмагани, раҳбарлик лавозимида қолиш қолмаслигини фақат бир киши – Олий Бош Қўмондон Путин ҳал қилишини таъкидлади. У ўзини пиёда аскар деб тарифлаганча, мазвжуд буюртмаларни бажаришини эслатди. Бу орада Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков 7 май куни Путин ва Қодиров ўзаро учрашиши кейин эса Чеченистон раҳбари Россия президентининг баъзи халқаро учрашувларида қатнашишини маълум қилди. 7 май куни Қодиров айтилганидек Путин билан учрашди, у телеграм каналида Россия раҳбарини ҳокимиятдаги 25 йиллик юбилейи билан табриклаб, уни роса алқади. Бундан ташқари Қодиров Путиннинг Мадуро билан учрашувида ҳам кўриниш берди.
Маълумот учун, Рамзан Қодиров 2007 йил 5 апрелда Чеченистон раҳбари лавозимини эгаллаган бўлиб, Россиядаги амалдаги минтақа раҳбарлари орасида энг узоқ ишлаётган сиёсатчи ҳисобланади. У сўнгги марта 2021 йил сентябрь ойида қайта сайланган. Марказий сайлов комиссияси маълумотларига кўра, Қодиров сайловда 99,7 фоиз овоз билан ғалаба қозонган. Қодиров сайловдаги мазкур фоизлари орқали Шимолий Корея диктатори Ким Чен Ин билан бемалол рақобат қила олади. Қодировнинг ҳозирги ваколат муддати 2026 йилгача амал қилади. У жорий йил ҳисобида атрофида жуда кўплаб миш-мишлар ва бошқа хабарлар юргани боис тармоқларда, матбуотда энг кўп тилга олинган шахслардан бири бўиб турибди. Масалан, “Медиалогия” тадқиқотига кўра, 2025 йил март ойида Қодиров ижтимоий тармоқларда энг кўп тилга олинган минтақа раҳбари бўлди. Чунки у ҳақда 166 мингдан ортиқ хабар ёзилган. Сўнгги пайтда у ҳақдаги янгиликлар асосан касаллик билан боғлиқ. Кўплаб нашрлар Қодировнинг соғлиғи кескин ёмонлашгани ҳақида тез-тез хабарлар чиқариб туради. Масалан, “Новая Газета” нашри Қодиров Чеченистондан ташқарига кам чиқаётгани, деярли бутун вақтини Грозний шаҳридаги «Аймед» клиникасида шифокорлар назорати остида ўтказиб, ҳатто у ерда тунаб қолаётгани ҳақида ёзган. Маълум қилинишича, 6 йил аввал Қодировда даволаб бўлмайдиган ошқозон ости бези некрози аниқланган.
Шунингдек, ўтган ойлар давомида Чеченистон раҳбарининг Россияни тарк этиб, оиласини хавфсизлигини таъминлаш мақсадида Яқин Шарқдаги монархияларга мурожаат қилаётгани тахмин қилинди. Рус медиасида Қодировнинг қочоққа айланиш эҳтимоли бор деган мавзудаги материаллар анча кўпайди. Нашр шунингдек, Қодировнинг анчадан бери оғир касаллиги, унинг буйраги ва ошқозоности безида жиддий муаммолар борлигига ҳам алоҳида эътибор қаратган. Қодировнинг соғлиғидаги жиддий муаммолар ва ўлимидан кейин қариндошлари, оиласининг хавфсизлиги борасидаги хавотирлар бугун унинг олдига жиддий танлов қўяётгани ҳақида ОАВларда тез-тез хабарлар чиқди. Маълум қилинишича, кўп сонли қариндошларининг келажагига бўлган ишончсизлик уни Яқин Шарқ мусулмон мамлакатларидан улар учун кафолат излашга мажбур қилган. Чунки уларнинг раҳбарлари билан Қодиров узоқ йиллик дўстона муносабатларга эга. Чеченистон раҳбари эса табиийки бу музокараларни Кремлдан яширишга уринган. “Важние истории” нашри ҳолатдан дарҳол хабар топган Федерал хавфсизлик хизмати буни Путинга етказгани ҳақида ёзганди. Нашр ўшанда “Чеченистон раҳбари ўз минтақасида ҳокимият қандай тузилганини ва у кетган тақдирда оила аъзоларини нима кутаётганини яхши билади”, дея сўнгги воқеликларга изоҳ берганди.
Албатта, бу гап-сўзлар ва тахминлар ўз-ўзидан ўртага чиққан эмас. Қодиров ростдан ҳам сўнгги пайтларда Яқин Шарққа жиддий талпинмоқда. Ҳойнаҳой БАА унинг асосий нишони. Чунки 19 март куни Чеченистон раҳбари БААга ташриф буюрди ва мамлакат президенти Зайд Ол Наҳаён билан учрашди. Қодиров мазкур ташриф сабабини ифторликка йўйган ҳолда, Наҳаённи катта ака деб номлаган. Путин билан узоқ йиллик яқин алоқалардан яхшигина ҳадис олган Қодиров “катта ака“ номли муносабатларни маромига етказиши табиий. У шунингдек, ўзининг Телеграм каналида учрашув ҳақидаги тафсилотлар ҳақида ёзиб, Наҳаённи роса алқаган.
“Мен учун у билан бўлган ҳар бир учрашув шунчаки дипломатик воқеа эмас, балки донолиги ва матонати, самимий ҳурмат-эҳтиром уйғотадиган буюк йўлбошчи ва ҳақиқий мусулмон билан мулоқот қилиш қувончидир. Мен биродарлик, дўстлигимиз ва ишонч ва ўзаро тушунишга асосланган муносабатларимиздан чексиз фахрланаман. Биз умумий қадриятлар ва мақсадларга эгамиз, бу бизнинг ҳамкорлигимизни, айниқса кучли ва самарали қилади. Мен доимо Шайхдан мадад ва ҳурмат ҳис қиламан”, деб ёзган Қодиров.
Наҳаёндан доим мадад ҳис қилган Қодиров унинг 2024 йил октябрь ойида Россияга қилган ташрифи чоғида ҳам алоҳида эҳтиром кўрсатганди. Бу ва бошқа жиҳатларни шунчаки Рамзан Қодиров ва Яқин Шарқ монархи ўртасидаги илиқ муносабатларга йўйиш мумкин. Бироқ Қодиров ва Путин бундай гап-сўзларга изоҳ бермай келмоқда.
Қодировнинг лавозимдан кетишни истаётгани ҳақидаги гапидан сўнг, 7 май куни Россия Президенти Владимир Путин билан Москвада учрашди. Учрашув чоғида Путин Қодировга сўнгги йиллардаги фаолияти натижалари билан «фахрланиши» мумкинлигини айтган. Чеченистон раҳбари Путинга минтақанинг иқтисодий ютуқлари ва ишсизликнинг қисқариши ҳақида ҳисобот берган. Путин ва Қодиров Украинадаги ҳарбий ҳаракатларни муҳокама қилган ва бу жараён бошланганидан буён ҳарбий ҳаракатлар кетаётган зонага 55,5 минг жангчи юборилгани, улардан 21,6 минг нафари кўнгиллилар экани қайд этилган. Кремль эълон қилган матнга кўра, йиғилишда истеъфога чиқиш ҳақида гап бўлмаган.
АҚШдан Ўзбекистонга жиддий таклиф
Кеча, 30 апрель куни АҚШ Ички хавфсизлик департаменти Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликда Қўшма Штатлардаги ноқонуний мақомдаги ўзбекистонликларнинг депортациясини амалга оширгани учун АҚШ Ўзбекистонга миннатдорлик билдирганди. Бу амалиёт доирасида АҚШ Ички хавфсизлик департаменти Ўзбекистон ҳукумати билан ҳамкорликда нафақат ўзбекистонликлар, балки Қозоғистон ва Қирғизистондан ҳам бўлган 100 дан ортиқ ноқонуний муҳожирни депортация қилиш бўйича муваффақиятли амалиётни амалга оширди. Мазкур операцияда Ўзбекистон ўз фуқароларининг ватанга қайтарилиши учун тўлиқ молиявий харажатларни қоплаган. Энг қизиғи, бу Дональд Трамп президент лавозимига қайтганидан бери хорижий давлат томонидан молиялаштирилган илк депортация рейси бўлган. Ўзбекистоннинг мазкур ташаббуси Оқ уй билан кейинг муносабатларга ижобий таъсир қилган чоғи. Чунки жорий ҳафтада “Washington Post” нашри Дональд Трамп маъмурияти Ўзбекистонга Қўшма Штатлардан депортация қилинган бошқа давлат муҳожирларини қабул қилиши учун унга бир қатор махсус имтиёзларни таклиф қилди дея хабар берди. Маълум қилинишича, Трамп учинчи давлатлар фуқароларини депортация қилишда баъзи мамлакатлардан транзит пунктлари сифатида фойдаланмоқчи. Хусусан, Ўзбекистон билан музокаралар доирасида АҚШ расмийлари мамлакатдан депортация қилинаётган россияликлар ва беларуслар учун транзит пункти сифатида фойдаланишга қарор қилинган. Муҳожирларни Ўзбекистонга жўнатишга асосий сабаб қилиб эса Россия, Беларус ва Қўшма Штатлар ўртасида тўғридан тўғри рейслар тўхтатилгани кўрсатилган. Бу ортда қолган 3 йил давомида юз берган воқеликлар билан боғлиқдир. WP'га кўра, Ўзбекистон расмийси бу ғояни дарҳол қабул қилган. Унда таъкидланишича, америкалик амалдор бир қатор аниқ рағбатларни, жумладан, икки давлат раҳбарлари ўртасидаги телефон суҳбати ёки юқори даражадаги бошқа мулоқотни таклиф қилган. Яъни яқин орада Трамп ва Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев орасида мулоқот бўлиб ўтиши мумкин. Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси эса нашрнинг изоҳ сўровига жавоб бермагани хабарда қайд этилган. Шу боис QALAMPIR.UZ мазкур хабар юзасидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов билан боғланди. Вазирлик воизи икки ўртада шундай эҳтимолий келишув борми деган саволга унда ҳозирча бу ҳақда ҳеч қандай маълумот йўқлигини билдирди. Бурҳонов шунингдек, мазкур хабарлар фонида Вашингтондаги элчихона билан гаплашгани, ваколатхонага бу масала юзасидан ҳеч қандай сўров келиб тушмаганини маълум қилди.
Путиндан норози бўлаётган Оқ уйдагилар
АҚШ Президенти вакили Кит Келлогг Украинага Россия билан эҳтимолий ўт очишни тўхтатишнинг барча шартлари ёқмаётган бўлсада, томонлар келишув тузишга яқин экани ҳақида гапириб, Киев “ерда, сувда ва осмонда” узайтирилиши мумкин бўлган кенг қамровли 30 кунлик сулҳга розилигини маълум қилди. Келлогг ҳар доим тинимсиз такрорлашдан чарчамайдиган ўша гапи – яъни “аниқ натижага фақат бир киши – АҚШ Президенти Дональд Трамп эриша олади” дея таъкидлади. Аммо Келлог бу борадаги тўсиқлар қаторига Путин номини қўшиб ўтди.
“Менимча, биз яқинмиз. Натижага эриша оладиган ягона инсон – Президент Трамп. Эҳтимол, бизнинг тўсиғимиз Россия Президентидир, у рози бўлмаяпти”, деган Келлогг.
Аммо Келлог Трамп маъмуриятида Кремль ва у ердагиларнинг позициясидан норози бўлаётган ягона шахс эмас. Вице-президент ҳам Россия ўртага ташлаётган талаблардан ҳафсаласи пир. 7 май куни Вашингтонда Мюнхен хавфсизлик конференцияси томонидан ташкил этилган форумда Жеймс Дэвид Вэнс Россия Украина бўйича музокараларда ҳаддан ташқари кўп талабларни илгари сураётганини айтиб ўтди.
“Мен россияликлар келишувдан манфаатдор эмас, деб айтмаган бўлардим. Мен ҳозирги вақтда россияликлар можарони тўхтатиш учун маълум бир талаблар, маълум бир имтиёзлар тўпламини илгари сурмоқда, деб айтган бўлардим. Биз улар жуда кўп нарса сўрашади, деб ҳисоблаймиз, тушуняпсизми?” деган АҚШ вице-президенти.
Венснинг сўзларига кўра, урушни тугатишдаги Трампнинг энг катта хизматларидан бири шундаки, у Россияни можарони ҳал қилиш шартларини айтишга мажбур қилган. Яъни Кремлнинг Украинадаги асл мақсадини билиб олган. Унгача эса Россия бир сўз ҳам демай уруш зоналарида олдинга бораверган. Вице-президентнинг таъкидлашича, Москванинг дастлабки позицияси билан танишиб чиққач, Вашингтоннинг реакцияси жуда ҳайратланарли бўлган. Венснинг бу гапларидан шундай хулоса келиб чиқадики, Путин бу босқиндан жуда кўп нарса хоҳлаган. Балки Украинани тўлиқ аннекция қилиш ваҳоказолар.
Жўлонийга Европа эшиклари очилди
7 май куни Сурия президенти Аҳмад аш-Шара Европага илк ташриф буюрди. У қитъадаги дастлабки қадамини Франциядан бошлади ва мамлакат Президенти Эммануэл Макрон билан икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган учрашув ўтказди. Аҳмад аш-Шараа Францияга қўнгач, Елисей саройига йўл олди. Сарой остонасида уни Макрон кутиб олган ва икки ўртада музокаралар ҳам бўлиб ўтди. Ташриф ҳақида аввалроқ эълон қилинган хабарларда президентлар Суриянинг хавфсизлик муаммоларини ва унинг барқарорлигини сақлаш йўлида ҳамкорлик зарурлигини муҳокама қилиши қайд этилганди. Аммо аш-Шаранинг мазкур ташрифи французларнинг кўпчилиги, хусусан, мухолифат вакилларига ёқмади. Жумладан “Миллий бирлик” партиясининг жазога ҳукм қилинган раҳбари Марин Ле Пен ўзининг Х ижтимоий тармоғида бу ҳодисани “провокацион ва масъулиятсиз” ташриф деб атади. Унинг фикрича «жиҳодчи»лар билан учрашув жуда хатарли. У ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида Аҳмад ас-Шаранинг ташрифини умумий маънода “шок ва дахшат” дея тасвирлади. Сурия президентининг Францияга ташрифи эса аслида анча аввалроқ, аниқроғи, февраль ойи бошида маълум қилинганди. Икки раҳбар ўшанда телефон орқали мулоқот қилгани, Макрон уни муваффақият билан табриклаб, Францияга таклиф қилгани маълум бўлганди. Умуман олганда, 2024 йил декабрдаги ўзгаришлардан сўнг, Европа Иттифоқи ва дунё ҳамжамиятининг катта қисми Аҳмад аш-Шара билан мулоқот ўрнатишга шошилди. Германия делегациялари бир неча бор Дамашқда бўлиб қайтди. БМТ даражасида Суриянинг янги маъмурияти билан ҳамкорлик қилиш ва уни қайта тиклаш ташаббуслари илгари сурилди. Айни кунларда эса друзлар ва Исроил билан кечаётган ички муаммоларни инобатга олмаса, Сурия ташқи майдонда анча яхши имижга эга бўлиб боряпти. Айниқса янги ҳукумат таркибида инклюзивлик акс этгани бунда муҳим рўл ўйнади дейиш мумкин. Макрон билан учрашувни ҳам Суриядаги янги маъмурият учун қайсидир маънода олдинга силжиш деб тарифлаш мумкин.
Аммо Макрон Аҳмад аш-Шара «шорт-лист»идаги Ғарбнинг сўнгги юқори даражали раҳбаримас чоғи. Чунки “The Wall Street Journal” нашри Сурия ҳукумати вакилларига таяниб Аҳмад аш-Шара яқин фурсатларда АҚШ президенти Дональд Трамп билан ҳам учрашмоқчи экани ҳақида ёзди. Манбаларга кўра, Аҳмад аш-Шара Оқ уйга хабар йўллаб, Трампнинг 13-16 май кунлари Яқин Шарққа қиладиган сафари чоғида учрашув ўтказишни сўраган. Чунки Дональд Трамп 13-16 май кунлари Яқин Шарққа сафар уюштириши кутилмоқда. Сафар доирасида у Саудия Арабистони, Қатар ва Бирлашган Араб Амирликларига ташриф буюради. «Axios»га кўра, Трамп Саудия Арабистонида бир қатор давлат раҳбарлари билан учрашув ўтказишни режалаштирмоқда. Ушбу тадбир Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси ва Бош вазири Муҳаммад бин Салмон Ол Сауднинг таклифи билан бўлиб ўтади. Учрашувда Форс кўрфази араб давлатлари ҳамкорлик кенгашига аъзо мамлакатлар, яъни Саудия Арабистони, Баҳрайн, Қатар, Қувайт, БАА ва Уммон етакчилари иштирок этиши мумкин. Мазкур учрашув 14 май куни ўтказилиши кутилмоқда. Аҳмад аш-Шара эса Трамп билан учрашувда Америка ва Ғарб инвестицияларини Сурияга жалб қилиш масаласини муҳокама қилмоқчи экани айтилмоқда. Маълумотларга кўра, ўтган ҳафта Трамп тарафдори бўлган АҚШнинг Аргент ЛНГ газ компанияси бош директори Жонатан Басс Дамашққа парвоз қилган. У ерда Аҳмад аш-Шарага Ғарб компаниялари ҳамда янги тузилаётган Сурия миллий нефть ширкати иштирокида мамлакат энергетика ресурсларини қазиб олиш режасини тақдим этган. Басснинг сўзларига кўра, агар санкциялар юмшатилса, Аҳмад аш-Шара бу фикрни ижобий қабул қилади.
Live
Барчаси