Европа давлатлари россияликларга виза беришни қийинлаштирмоқчи
Олам
−
13:46 485 2 дақиқа
Европанинг 11 та давлати Европа Иттифоқидан Россия фуқароларига Шенген визаси беришни қатъийроқ ва бир хил қоидаларга солишни сўради. Бу ташаббус Польша, Швеция, Чехия, Дания, Эстония, Финляндия, Латвия, Литва, Нидерланди, Норвегия ва Исландия томонидан қўллаб-қувватланган. Бу ҳақда “Euronews” хабар берди.
Улар Европа Комиссиясига юборилган қўшма мурожаатда Россия фуқароларига туристик визалар бериш жараёнини бир хил тартибга солиш ва назоратни кучайтириш ҳамда Шенген ҳудуди бўйича ягона қоидалар жорий этиш зарурлигини таъкидлаган. Уларнинг фикрича, ҳозирги турлича ёндашув Шенген ҳудуди хавфсизлигига ва Европа Иттифоқининг умумий сиёсатига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Ташаббусни қўллаб-қувватлаган давлатлар Россия фуқароларининг Европага қисқа муддатли саёҳатлари давом этаётганини айтмоқда. Уларнинг фикрича, Украинадаги уруш шароитида бундай саёҳатлар сиёсий жиҳатдан нотўғри сигнал бўлиши мумкин.
“Мен Европада “shopping weekend”лар бўлишини хоҳламайман. Украина фронтда уруш олиб бораётган бир пайтда Европага ҳашаматли саёҳатлар ҳам бўлмаслиги керак”, дейди Швеция миграция вазири Юхан Форсселл.
Расмий маълумотларга кўра, 2025 йилда Россия фуқароларига юз минглаб туристик визалар берилган бўлиб, уларнинг катта қисми кўп марталик визалардир. Бу эса айрим Европа давлатларида хавотир уйғотмоқда. Европа давлатларининг фикрича, амалдаги турлича ёндашув Европа Иттифоқининг Россияга нисбатан умумий сиёсатини заифлаштирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Иттифоқи вакиллари Украина ҳукуматига молиявий ёрдамни тўхтатиб қўйганини маълум қилган эди.
Live
Барчаси