Ўзбекистонликлар яҳудий раввинни ўлдирди?
Таҳлил
−
25 Ноябрь
19497Бир қанча ОАВлар Чабад-Лубавич ҳаракати аъзоси, бутун дунё бўйлаб яҳудийларнинг тарғиботини олиб борувчи раввин Цви Коган 21 ноябрда БАА ҳудудида йўқолгани ҳақида хабар берганди. Орадан 3 кун ўтиб, кеча, 24 ноябрда эса шу ердан унинг жасади топилди.
Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяҳу “расмий Тель-Авив унинг ўлимида айбдор бўлган жиноятчиларни жавобгарликка тортиш учун барча йўллар билан ҳаракат қилади”, дея баёнот берди. Чабад-Лубавич ҳаракати Коган охирги марта Дубайда, озиқ-овқат дўконида тасвирга олинган видеосида кўриниш берганини маълум қилди. Улар, шунингдек, Коганни ҳаракатнинг Бруклинда жойлашган аноним филиалининг элчиси деб атади.
Бугун, 25 ноябрга келиб, раввиннинг сирли ўлими атрофидаги қатор жумбоқлар очила бошлади. Ўлим ҳақида чиққан хабарлар эса ижтимоий тармоқлардаги ўзбек сегменти учун кутилмаган янгилик бўлди. Негаки, дастлаб, “The Times of Israel” нашри Цви Коганнинг ўлимида Ўзбекистон фуқаролари гумон қилинаётгани ҳақида хабар берди. Исроил расмийларига кўра, Коганни ўлдириш учун бир гуруҳ ўзбекистонликлар раввинга ҳужум қилган. Уларнинг версиясига кўра, ўша бир гуруҳ ўзбекистонликлар Эрон томонидан ёлланган ва қотилликдан сўнг, Туркияга қочишга уринган.
Бу пайтда эса БААда ҳали воқеа юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётган, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги эса QALAMPIR.UZ'нинг воқеа юзасидан йўллаган сўровига жавобан, Цви Коганни ўлдирганликда гумонланганлар Ўзбекистон фуқаролари экани ҳақида ҳали аниқ маълумотлар йўқлигини айтган эди.
Аммо орадан бироз вақт ўтиб, Бирлашган Араб Амирликларининг Ички ишлар вазирлиги равиннинг ўлимида гумон қилинган уч шахс қўлга олингани ҳақида хабар берди. Вазирликка кўра, улар кеча, 24 ноябрь куни ушланган ва уларнинг шахсига аниқлик киритилган. Расмийларнинг аниқлик киритишича, Цви Коган БАА резиденти ва мамлакатга кириш пайтида Молдова фуқароси бўлган. У БААдаги яҳудий жамоаси бош раввинига ёрдамчилик қилган ва Дубайдаги “Римон” супермаркетини бошқарган.
Бугун, 25 ноябрда БАА полицияси Исроил ва Молдова фуқароси бўлган раввин Цви Коганнинг ўлдирилишига алоқадорликда гумонланиб, ҳибсга олинган уч киши Ўзбекистон фуқаролари эканини тасдиқлади. Бу ҳақда амирликнинг WАМ ахборот агентлиги хабар берди. Қайд этилишича, полиция ҳибсга олган уч эркак 28 ёшли Олимбой Тоҳирович ва Маҳмуджон Абдулраҳим ҳамда 33 ёшли Азизбек Комилович исмли шахслар бўлган.
Ички ишлар вазирлигининг кечаги баёнотига кўра, раввиннинг оиласи бедарак йўқолган шахс тўғрисида ариза топширган, бунинг натижасида “махсус қидирув ва тергов гуруҳи” тузилган ва унинг жасади топилиб, гумонланувчиларнинг шахси аниқланган. Исроил ҳукумати бу воқеани “террор ҳодисаси” деб таърифламоқда. Коган мансуб бўлган Чабад-Лубавич ҳаракати ҳам ўзининг X'даги хабарида раввинни ўлдириб кетган ўзбекистонликларни “террорчилар” деб атаган.
LiveБарчаси
Тошкент шаҳрининг бош режаси тасдиқланди.
26 Декабрь