Тодд Боули “Челси” президенти лавозимини тарк этди

Спорт

image

Америкалик бизнесмен Тодд Боули “Челси” футбол клуби президенти лавозимидан истеъфога чиқди. Шунингдек, у клубдаги ўз улушини сотади. Бу ҳақда “Челси” матбуот хизмати хабар берди.

Боули ва Марк Уолтернинг клубдаги улушини Clearlake компаниясининг шуъба корхонаси сотиб олади. Шу тариқа, мазкур компания “Челси” устидан тўлиқ назоратни қўлга киритади.

2022 йил 28 май куни “Челси” Боули томонидан асос солинган BlueCo консорциуми томонидан сотиб олинган эди. Бунга қадар клуб россиялик бизнесмен Роман Абрамовичга тегишли бўлган. У Россиянинг Украинадаги уруши бошланганидан кейин унга нисбатан қўлланилган санкциялар фонида клубни сотишга қарор қилган.

Боули раҳбарлиги даврида “Челси” иккита совринни қўлга киритди. Лондонликлар 2025 йилда Конференциялар лигаси ҳамда клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида ғолиб бўлди.

Абрамович “Челси”ни 2003 йилда унинг аввалги эгаси, англиялик Кен Бейтсдан тахминан 140 миллион фунт стерлингга (ўша пайтда қарийб 233 миллион доллар) сотиб олган. Россиялик бизнесмен эгалиги даврида “Челси” 5 марта Англия чемпионати, 5 марта Англия Кубоги, 3 марта Англия Лига кубоги, 2 марта Англия Суперкубоги, 2 марта Чемпионлар лигаси ва 2 марта Европа лигасида ғолиб чиқди.

Шунингдек, 2021 йилда “Челси” UEFA Суперкубоги ҳамда FIFA клублар ўртасидаги Жаҳон чемпионатида ғолиб бўлган.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг