ТИВ вакили ўзбекларни ҳақорат қилган “рус” воқеасига изоҳ берди

Жамият

image

Ижтимоий тармоқларда Россия фуқароси деб тахмин қилинган шахснинг ўзбекларга нисбатан шовинистик ва очиқ ҳақоратомуз баёнотлари акс этган видео тарқалди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов мазкур ҳолат юзасидан маълумот берди.

У дастлаб медиа кун тартибини дипломатик кун тартибидан ажратиш зарурлигини таъкидлади.

"Вақти-вақти билан ОАВларининг кун тартибида баъзи воқеалар ёки баёнотлар туфайли шовқинлар пайдо бўлади. Лекин улар воқеликни тўғри акс эттира олмаслиги, баъзан эса уни жуда бузиб кўрсатиши мумкин. Шу муносабат билан ОАВ ва блоглар олами вакилларини тасдиқланмаган материалларни тарқатмасликка чақирамиз. Биз ҳамкорликка доим очиқмиз", дейди Аҳрор Бурҳонов.

ТИВ вакили қайси миллатга мансуб бўлишидан қатъи назар, ўзбек халқига қарата айтилаётган бундай гапларни мутлақо қабул қилиб бўлмаслигини қўшимча қилди. Унинг айтишича, Ўзбекистон ўз фуқароларининг ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қимматини қаерда бўлишидан қатъи назар доимо ҳимоя қилган ва ҳимоя қилади.

"Биз ахборот майдонини мунтазам равишда кузатиб борамиз. Ушбу видео интернетда топилиши биланоқ, Россия томонига дипломатик каналлар орқали зудлик билан мурожаат қилинган. Бундай пайтларда асл манбани топиш ва материалнинг ҳақиқийлигини текшириш жуда муҳимдир.

Табиийки, Россия томони шу заҳотиёқ “Бундай ҳақоратомуз баёнотлар, ким томонидан айтилишидан қатъи назар, чуқур афсусланарлилиги” таъкидлади", дейди ТИВ вакили.

Унинг сўзларига кўра, текширувлар натижасида ушбу материал провокацион хусусиятга эга бўлиб, халқлар ўртасидаги муносабатларга низо келтириб чиқаришга уринаётган бузғунчи кучлар томонидан тўқиб чиқарилгани маълум бўлган. 

"Россия томонининг хабар беришича, видеода тилга олинган шахс Россия Федерацияси фуқароси эмас. Ҳозирда Россиянинг расмий ОАВлари ҳам бу борада қатор материалларни эълон қилмоқда. 

Яна бир бор барчага ҳар қандай ахборот материалини тарқатишда масъулият билан ёндашиш зарурлигини эслатиб ўтамиз. Тасдиқланмаган манбалардан олинган контентни тарғиб қилишни номақбул деб ҳисоблаймиз", дейди Бурҳонов.

Россия Федерал хавфсизлик хизматига кўра,  ўзбекларни ҳақоратлаган шахс 41 ёшли Украина фуқароси Николай Николаевич Кочмарик бўлиб, унинг видеоси “Литва махсус хизматлари томонидан назорат қилинадиган” YouTube каналида жойлаштирилган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Ўзбекистон Аҳрор Бурҳонов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг