Жеймс Кэмерон миллиардер режиссёр бўлди
Маданият-санъат
−
12:37 2218 2 дақиқа
“Титаник” ва “Аватар” фильмлари режиссёри Жеймс Кэмерон биринчи марта миллиардерга айланди. Бу ҳақда “Forbes” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, Жеймс Кэмерон миллиардерлар клубига қўшилган. “Forbes” журнали унинг шахсий бойлигини тахминан 1,1 миллиард долларга баҳолаган, бу эса 71 ёшли режиссёрни тарихдаги энг муваффақиятли ва тижорий жиҳатдан таъсири катта киноижодкорлардан бирига айлантиради.
Маълумотларга кўра, Кэмерон капиталининг катта қисми фильмларининг касса муваффақияти, фойдадаги иштироки, лицензияси ва “Lightstorm Entertainment” компаниясидаги улуши туфайли шаклланган.
Кэмерон миллиардер режиссёрларнинг ўта тор доирасига киради, илгари унга Жорж Лукас, Стивен Спилберг, Питер Жексон ва Тайлер Перри каби шахслар кирган. Унинг фильмлари жаҳон прокатида 9 миллиардга яқин маблағ тўплаган ва 18 декабрда чиқиши режалаштирилган “Аватар 3” премьераси унга қўшимча равишда 200 миллионга яқин даромад келтириши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилда португалиялик футболчи Криштиану Роналдунинг бойлиги 1,4 миллиард доллар деб баҳоланган ва у шу тариқа футбол тарихидаги биринчи миллиардер сифатида қайд этилганди. Ўтган йили эса америкалик санъаткор Тейлор Свифт фақатгина қўшиқлари ва концерт дастурлари асосида миллиардерлар рейтингига кирган биринчи хонандага айланганди.
Live
Барчаси