“Тирқиш ёпилди”. Маск Украина учун Starlink ишини нега чеклаганини очиқлади
World
−
09:37 600 2 minutes
SpaceX асосчиси Илон Маск Украина учун Starlink ишлашини нега чеклаганига изоҳ бериб, Украина Қуролли кучларини сунъий йўлдош алоқасидан ҳужумкор зарбалар беришда фойдаланганликда айблади. Бу ҳақда у ўзининг X ижтимоий тармоғидаги саҳифасида ёзди.
“Фуқаролик тижорат хизмати бўлмиш Starlink’дан одамларни ўлдириш мақсадида дронларнинг ҳужумкор зарбалари учун фойдаланишга ҳеч қачон рухсат берилмаган. Starshield – бу АҚШ ҳукумати томонидан назорат қилинадиган бошқа тизим. Улар нима қилишни лозим топсалар, бу уларнинг иши.
Украина ҳарбийлари Starlink’дан фойдаланиш шартларини бузди ва ундан одамларни ўлдириш мақсадида дронларнинг ҳужумкор зарбалари учун фойдаланди. Ушбу тирқиш ўтган ҳафтада ёпилди”, дейди тадбиркор.
Маск, шунингдек, Starlink Украина мудофааси учун ўта муҳим бўлиб қолаётганини, чунки бу лоақал ҳозирча тўсиб қўйиш ёки йўқ қилишнинг имкони бўлмаган ягона тизим эканини қўшимча қилган.
“Агар Starlink ўчириб қўйилса, Украинанинг фронт чизиғи дарҳол қулайди. Бу таҳдид эмас, шунчаки фактни таъкидлашдир. Starlink, шунингдек, урушнинг дастлабки кунларида Россиянинг Украинани эгаллаб олишига йўл қўймасликда ҳал қилувчи роль ўйнади, чунки бошқа барча алоқа воситалари Россия томонидан йўқ қилинган ёки тўсиб қўйилган эди.
SpaceX Украинани ҳимоя қилиш учун Ердаги ҳар қандай хусусий компаниядан кўра кўпроқ иш қилди, анча кўпроқ. Шу билан бирга, чексиз қон тўкилишини ёқлаб чиқаётган ва низонинг реал ечимини таклиф қилмаётган мунофиқ, ҳарбийлашган ғанимларга нисбатан нафратимдан бошқа ҳеч нарсам йўқ”, деб баёнот берди тадбиркор.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 21 октябрь куни Starlink сунъий йўлдош алоқасидаги чекловлар украиналик ҳарбийларга дронларнинг бир қисмидан фойдаланишга халақит бераётгани маълум бўлган эди. “The Wall Street Journal” газетаси SpaceX раҳбари Илон Маск бу масалани АҚШ Президенти Дональд Трамп билан шахсан муҳокама қилганини таъкидлаган эди. 23 октябрь куни Дональд Трамп Маск Украинанинг Starlink сунъий йўлдош тизимининг ҳарбий версияси –Starshield’дан фойдаланиш ҳуқуқини қайта тиклаганини маълум қилди.
Live
All