Тиниб-тинчимаган хитойликлар уй ҳайвонини роботлаштирди (видео)
Технология
−
24 Июль 2023
5271Хитойнинг “Unitree Robotics” компанияси уй ҳайвонларининг ўрнини босувчи Go2 ақлли роботини тақдим этди. Бу ҳақда “Science Times” нашри маълум қилди.
Бу 2021 йилда чиқарилган Go1 русумининг янгиланган версияси бўлиб, дастлабки сотув нархи 2700 долларни ташкил этади. У ўзининг мураккаблиги билан машҳур бўлган, қадимги Хитой стол ўйини Go шарафига шундай номланган.
Тўрт оёқли ақлли робот ёруғликни қайтариш технологиясидан фойдаланади. Бу унга турли ландшафтлар бўйлаб ҳаракатланиш имконини беради. У ҳақиқий ит каби думини ликкиллатиш, рақсга тушиш ва икки оёқда туриш каби ажойиб қобилиятларни намойиш қилади. Шунингдек, робот кучук зинапояга чиқиш, мусиқа қўйиш ва ҳатто, суратга олиб, уларни эгасининг телефонига жўнатиш имкониятига эга.
“Уларнинг яратилиши илм-фандаги юқори технологияли ютуқнинг ёрқин намунаси ва келажакда сунъий интеллект оммалашадиган ҳаётнинг ажралмас қисми бўлади. Бизнинг маҳсулотимиз тўрт оёқли роботлар саноатини ўзгартиради”, деди компания масъули.
Ҳақиқий ҳайвонларга тақлид қилишдан ташқари, GO2 роботлари анъанавий икки оёқли машиналар билан амалга ошириш мушкул бўлган турли вазифаларни ҳам бажариши мумкин. Уларнинг тўртта оёғи юқори барқарорлик, манёвр ва тезликни намойиш қилиш имконини беради. Шу сабабли, улардан қидирув-қутқарув операцияларида, кузатув миссияларида, етказиб бериш хизматларида ҳам фойдаланиш мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Англиянинг Лидс шаҳрида озиқ-овқатларни етказиб берувчи роботлар синовдан муваффақиятли ўтказилди ва робот-баққоллик етказиб бериш хизмати кенгайтирилди.
Севара Ҳусниддинова
LiveБарчаси