Тинчлик кенгашининг Ғазо бўйича 15 бандлик режаси эълон қилинди

Жамият

image

Ғазо бўйича Тинчлик кенгашининг олий вакили, Болгариянинг собиқ ташқи ишлар вазири ва БМТнинг Яқин Шарқ тинчлик жараёни бўйича собиқ махсус вакили Николай Младенов Президент Дональд Трампнинг Ғазо бўйича “Кенг қамровли тинчлик режаси”ни амалга оширишга қаратилган 15 банддан иборат “Йўл харитаси”ни эълон қилди. Ҳужжат БМТ Хавфсизлик кенгашидаги брифингдан сўнг, унинг Х саҳифасида чоп этилди.

Ҳужжатнинг 1–5-бандлари можарони тинч йўл билан ҳал қилишнинг асосий тамойилларига бағишланган. 6–11-бандлар хавфсизлик масалаларини қамраб олган бўлса, 12–14-бандлар Исроил мудофаа армияси – ЦАҲАЛнинг Ғазодан босқичма-босқич чиқиши ва халқаро барқарорлаштирувчи кучларга оид. 15-банд эса, Ғазони тиклаш ишларига бағишланган.

Режага кўра, Ғазо уруш ва гуманитар инқироздан тикланиш, қайта қуриш ва фаластинликлар ўзини ўзи бошқариши босқичига ўтиши, кейинчалик эса, мустақил Фаластин давлати ташкил этилиши назарда тутилган.

Ҳужжатда амалдаги ўт очишни тўхтатиш келишувлари доирасида гуманитар ёрдам, ёқилғи етказиб бериш, чегара ўтказиш пунктлари фаолияти ва турар жой масалалари бўйича мажбуриятлар тўлиқ бажарилиши шартлиги таъкидланган.

Режага мувофиқ, Ғазони бошқариш бўйича Миллий қўмита вақтинчалик Фаластин фуқаролик бошқарув органига айланиши керак. Халқаро тузилмалар эса хавфсизлик, тиклаш ва фуқаролик бошқаруви масалаларини мувофиқлаштиради.

Шунингдек, ҳужжатда қуролли тузилмаларни бошқарув тизимидан ажратиш кўзда тутилган. Бироқ давлат хизматчилари ва муниципал ходимларга нисбатан жамоавий жазо қўлланмаслиги қайд этилган.

Режада “бир ҳокимият, бир қонун, бир қурол” тамойили илгари сурилган. Унга кўра, фақат ваколатли Фаластин тузилмалари хавфсизлик вазифаларини бажариши ва қурол олиб юриши мумкин бўлади. Барча параллел қуролли гуруҳлар фаолияти тўхтатилиши лозим.

Полиция тизимини ислоҳ қилиш, ходимларни текшириш ва уларнинг бир қисмини янги фуқаролик тузилмаларига интеграция қилиш ҳам режадан ўрин олган. Қуроллар эса, Миллий қўмита назоратига ўтказилади.

Қуролсизлантириш жараёни босқичма-босқич ва халқаро назорат остида амалга оширилиши таклиф қилинмоқда. Қуроллар Исроилга эмас, балки Фаластин тузилмаларига топширилиши белгиланган.

Ҳужжатда ички қирғинлар, қуролли намойишлар, қасос олиш ва Фаластинда гуруҳлар ўртасидаги зўравонликлар тақиқланиши ҳам назарда тутилган.

Режага кўра, халқаро барқарорлаштирувчи кучлар вақтинча Исроил ва Фаластин ҳудудлари ўртасида жойлаштирилади. Улар гуманитар операцияларни ҳимоя қилиш ва ўтиш даврини қўллаб-қувватлаш билан шуғулланади.

ЦАҲАЛнинг Ғазодан чиқиши қуролсизлантиришдаги ютуқлар ва янги Фаластин бошқарув тизимлари шаклланишига қараб амалга оширилади.

Ҳужжатда Ғазони қайта тиклаш жараёни барқарорлик, ишлайдиган фуқаролик маъмурияти ва параллел қуролли тузилмаларнинг йўқлигига боғлиқ экани айтилган. Режа қанчалик тез амалга оширилса, уй-жойлар, шифохоналар, мактаблар ва инфратузилмани тиклаш шунчалик тез бошланиши таъкидланган.

Исроилнинг 9-канали бош муҳаррири Роман Янушевский эса, мазкур режа амалга ошишига шубҳа билдирган. Унинг фикрича, Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракати қуролсизланишдан бош тортмоқда ва айнан шу ҳолат режанинг энг заиф нуқтаси ҳисобланади.

Унинг таъкидлашича, агар ҲАМАС маъмурий ваколатларни янги бошқарув органларига топширишга рози бўлмаса, Ғазодаги аҳоли узоқ вақт палаткаларда яшашда давом этади ва тиклаш ишлари яна номаълум муддатга кечиктирилади.

Маълумот учун, Тинчлик кенгаши АҚШ Президенти Дональд Трамп ташаббуси билан халқаро можароларни ҳал қилиш механизми сифатида ташкил этилган. Унинг асосий вазифаси 2025 йил сентябрида тақдим этилган ва кейинчалик БМТ Хавфсизлик кенгаши резолюцияси билан тасдиқланган Ғазода ўт очишни тўхтатиш режасини амалга оширишдан иборат эди.

2026 йил январь ойида келишувнинг биринчи босқичи якунланган, сўнгги исроиллик гаровга олинган шахснинг жасади қайтарилган. Бироқ кейинги босқич тўхтаб қолган.

Николай Младенов 2015–2020 йилларда БМТнинг Яқин Шарқ тинчлик жараёни бўйича махсус вакили бўлган ва Исроил ҳамда фаластинликлар томонидан ишончли дипломат сифатида қабул қилинади.


Мақола муаллифи

Теглар

Дональд Трамп Ғазо ҲАМАС Тинчлик кенгаши

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг