“Тинчлик кенгаши” донорлардан бир доллар ҳам ололмади – FT
Олам
−
09:09 3433 3 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп томонидан шу йилнинг январь ойида Давосдаги Жаҳон иқтисодий форумида катта шов-шув билан эълон қилинган “Тинчлик кенгаши” ҳанузгача ваъда қилинган миллиардлаб долларни ололмади. Бу ҳақда “Financial Times” хабар берди.
Қайд этилишича, деярли БМТнинг ўрнини босувчи тузилма сифатида тақдим этилган ушбу ташкилотнинг молиявий фонди бўм-бўш бўлиб турибди. Ташкилотнинг ўзи эса Ғазо секторини қайта тиклаш бўйича ваъда қилинган лойиҳаларни амалга оширишни бошламасданоқ ҳуқуқий ва сиёсий боши берк кўчага кириб қолган.
Вазиятдан хабардор тўртта манбанинг газетага маълум қилишича, Жаҳон банки томонидан Тинчлик кенгаши учун таъсис этилган ва БМТ томонидан маъқулланган фондга донорлардан маблағ келиб тушмаган.
“Ҳисоб рақамига бирор доллар ҳам тушгани йўқ”, дейди манбалардан бири.
Кенгаш матбуот котиби ва вазият билан таниш бўлган яна бир шахснинг сўзларига кўра, кенгаш хайрияларни фонд орқали эмас, балки тўғридан тўғри JPMorgan банкида очилган ўз ҳисоб рақамига қабул қила бошлаган. Жаҳон банки фонднинг молиявий ҳолати тўғрисида донорлар ва кенгаш аъзолари олдида ҳисобот беришга мажбур бўлган бир пайтда, JPMorgan’даги ҳисоб рақами учун бундай шаффофлик талаблари мавжуд эмас. Яъни, Трамп ундаги пулларни амалда ўз хоҳишига кўра тасарруф этиши мумкин.
Расмий вакилнинг сўзларига кўра, “Тинчлик кенгаши” ўз молиявий фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни Трамп маъмурияти мулозимлари ва бошқа маслаҳатчилардан иборат бўлган бошқарув кенгашига “лойиқ деб топган вақтида” тақдим этади.
Марокаш ва Бирлашган Араб Амирликлари (БАА) банк ҳисоб рақамига мос равишда 3 миллион ва 20 миллион доллар ўтказган. Ушбу маблағлар Трампнинг Ғазо ишлари бўйича вакили ҳамда секторни бошқариш учун “Тинчлик кенгаши” томонидан тузилган Фаластин технократик қўмитаси фаолиятини таъминлашга йўналтирилган.
Бироқ давлатларнинг ҳеч бири Трамп томонидан қачонлардир тузилган “энг аҳамиятли” халқаро ташкилотлардан бири сифатида таърифланган “Тинчлик кенгаши”га “умрбод аъзолик” учун белгиланган 1 миллиард долларлик бадал пулини ҳали киритмаган. Ташкилот очилишида мамлакатлар Ғазони тиклаш учун 7 миллиард доллар ваъда қилган, Трамп эса АҚШ номидан яна 10 миллиард доллар ажратиш нияти ҳақида гапирганди.
Нашрнинг ёзишича, АҚШ Давлат департаменти бошқа давлатларга ёрдам сифатида ажратилган 1,2 миллиард долларлик маблағни кенгаш билан боғлиқ лойиҳаларга қайта йўналтиришга тайёргарлик кўрмоқда. Аммо бу пуллар ҳам кенгаш фондига тушмайди.
“Кенгашга бу маблағларнинг ҳеч бири келиб тушгани йўқ. Уларнинг ҳеч бири Тинчлик кенгаши тасарруфида эмас. Давлат департаменти бизга бу пулларнинг бирон бир қисми Тинчлик кенгаши томонидан бошқарилишини ҳеч ким режалаштирмаётганини айтмоқда”, дейди конгрессменлардан бирининг юқори лавозимли ёрдамчиси.
Эслатиб ўтамиз, Трамп 60 та давлатга таклифнома юборган, шулардан 24 таси таклифни қабул қилганини маълум қилган, таъсис ҳужжатларини имзолаш маросимида эса 19 та давлат вакиллари, жумладан, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этган эди. Ўшанда Трамп тўққиз давлат – Қозоғистон, Озарбайжон, БАА, Марокаш, Баҳрайн, Қатар, Саудия Арабистони, Ўзбекистон ва Қувайт “Тинчлик кенгаши” учун жами 7 млрд доллар ажратиш мажбуриятини олганини айтган эди.
Live
Барчаси