Тинчлик бўйича Нобель мукофотига 285 номзод кўрсатилди
Олам
−
29 Февраль
40232024 йилги тинчлик бўйича Нобель мукофотига 285 номзод кўрсатилган. Бу ҳақда Норвегия Нобель институтининг тегишли баёнотида маълум қилинди.
Жорий йил кузда Норвегияда топшириладиган 2024 йилги мукофот учун 285 номзод даъвогарлик қилмоқда. 196 киши ва 89 ташкилот номзоди илгари сурилди.
Ўтган йили институтда 351 та номинация рўйхатга олинган бўлса, уларнинг сони бўйича рекорд 2016 йилда ўрнатилган – 376 та.
Номзодларнинг тўлиқ рўйхати анъанага кўра қатъий сир сақланиши ва мукофотлар эълон қилинганидан кейин 50 йил ўтиб оммага эълон қилиниши мумкинлигига қарамасдан, баъзи номзодлар ҳақидаги маълумотлар аллақачон мавжуд.
Номзодлар қаторига Норвегия Нобель қўмитасининг собиқ ва амалдаги аъзолари ва унинг маслаҳатчилари, Тинчлик мукофотининг аввалги лауреатлари, миллий парламент аъзолари ва тарих, фалсафа, ҳуқуқ ёки илоҳиёт бўйича ихтисослашган университет профессорлари киради.
Аввалроқ Норвегия ва жаҳон ОАВлари НАТО Бош котиби ва Норвегиянинг собиқ бош вазири Йенс Столтенберг, америкалик миллиардер Илон Маск, WikiLeaks асосчиси Жулиан Ассанж, британиялик табиатшунос Дэвид Аттенборо, АҚШнинг собиқ президенти Дональд Трамп, Рим папаси Франциск ва БМТ котиби Антониу Гутерриш, Европа Кенгаши, UNESCO, БМТ Халқаро Суди, ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси (ДИИҲБ), Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Яқин Шарқдаги Фаластинлик қочқинларга ёрдам ва ишлар агентлиги (UNRWA) ва унинг комиссари Филипп Лаззарини тинчлик бўйича Нобель мукофоти номзодлари сифатида кўрсатилаётгани ҳақида хабар берган эди.
Мукофотга номзодларни 31 январгача кўрсатиш мумкин эди, бу муддатдан кейин фақат қўмита аъзолари номзод кўрсатиш ҳуқуқини сақлаб қолади. Улар одатда бу ҳуқуқидан февраль ойида бўлиб ўтадиган биринчи йиғилишида фойдаланишлари мумкин.