Тиббиёт соҳасидаги энг зўр раҳбарларга мукофот берилади

Жамият

image

Яхши натижа кўрсатган тиббиёт соҳасидаги раҳбарларга мукофот берилади. Бу ҳақда бугун, 10 ноябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев тиббиёт ва фармацевтика ходимлари билан ўтказаётган учрашувда маълум қилинди.

Билдирилишича, туман ва вилоят даражасида касалликларнинг олдини олиш ва самарали даволаш бўйича янгиликлар олиб кирган, беморларни ҳудуднинг ўзида даволай олган, дори беришни тартибга келтирган, шифохонасига яхши кадрларни жамлаб, уларни мунтазам ўқитиб бораётган, соғлом муҳит ва сифатли сервисни йўлга қўйган, рақамлаштиришни тўлиқ якунлаган энг зўр вилоят, туман соғлиқни сақлаш бўлимлари, оилавий поликлиника мудирларига “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган тиббиёт ходими” унвони, орден ва медаллар, 30 миллион сўмдан пул мукофоти берилади. 

Улар раҳбарлик қилаётган шифохона ва поликлиника инфратузилмасини яхшилашга 500 миллион сўмдан ажратилади. 

Ҳар бир вилоятда энг яхши 2 та туманнинг соғлиқни сақлаш бўлими раҳбари ва оилавий поликлиника мудири АҚШ, Германия, Буюк Британия, Корея, Туркия каби тиббиёти ривожланган мамлакатларга менежерликка ўқитиш учун юборилади.

Шунингдек, туман ва вилоят бош шифокорлари республика марказлари билан тўғридан-тўғри ишлайдиган, интеграциялашган тизим жорий қилиниши белгиланди. Улар ҳудудидаги касалликларнинг тури ва динамикасига қараб, марказларга буюртма беради. Бунда нафақат даволаш усуллари, балки касалликларнинг олдини олиш, шифокорларнинг малакасини ошириш каби аниқ масалаларни қўяди. 

Янги йилдан аниқ мезонларни белгилаб, 26 та марказ директорлари, вилоят ва туман соғлиқни сақлаш раҳбарлари, оилавий поликлиника мудирларини лавозимга қўйишда янги тартиб жорий қилинади. Бунда барча тиббиёт муассасаларида раҳбар ва бош шифокор лавозимлари бир-биридан ажратилади. Уларга раҳбарлар менежерликка ўқиган, яхши натижалар кўрсатган тадбиркорлар орасидан тайинланади.

Бундай танлов 26 та ихтисослашган марказ учун ҳам бўлади. Жумладан, клиник протоколларни энг илғор тажрибалар асосида янгилаган, даволашнинг янги усулларини жорий қилган, туман ва маҳаллада ишни тўғри ташкил қилган, хориждан яхши ҳамкор топиб, мутахассис ва инвестицияларни олиб келган, марказини замонавий ускуналар ва лабораториялар билан жиҳозлаган, тиббий хизматлар экспортини каррасига оширган марказ директорлари, филиаллар раҳбарлари ҳам муносиб тақдирланади. 

“Шундай қилсак, поликлиникада, туман ва вилоят шифохоналарида, республика марказларида рақобат ва ишчанлик муҳити пайдо бўлади, яхши тажрибалар юзага чиқади, муносиб соҳа вакиллари адолатли мукофотланади, ғурури юксалади. Халқимиз ҳам бунинг бевосита иштирокчисига айланади”, деди Президент.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев тиббиёт

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг