Tesla Илон Маск ўрнига янги бош директор излаяпти – WSJ

Олам

image

Tesla компанияси директорлар кенгаши Илон Маск ўрнига янги бош директор излашга киришган. Ушбу қарор тахминан бир ой аввал, компания акциялари кескин пасайган ва инвесторлар Маскнинг кўпроқ эътиборни Оқ уйдаги ишларига қаратаётганидан норози бўла бошлаган бир пайтда муҳокама қилина бошланган. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” нашри хабар берди.

Манбаларга кўра, директорлар кенгаши аллақачон бир нечта раҳбарлар излайдиган компанияларга мурожаат қилган. Шу билан бир вақтда Tesla раҳбарияти Маск билан учрашган ва ундан компания ишларига кўпроқ вақт ажратишни ҳамда бу ҳақда омма олдида баёнот беришни сўраган. WSJ маълумотига кўра, Маск бунга қарши чиқмаган.

Tesla эса бу хабарларни “нотўғри” ва “мутлақо ҳақиқатга зид” деб атаган. Компания баёнотида айтилишича, директорлар кенгаши Маскнинг Tesla’нинг “ўсиш режаларини амалга ошириш салоҳиятига” ишонмоқда. Илон Маск эса WSJ мақоласини “атайин сохталаштирилган” деб баҳолаган ва нашрни “журналистикани обрўсизлантирувчи” деб танқид қилган.  

Маълумот учун, Маск 2004 йилда Tesla’га йирик инвестор сифатида қўшилган ва кейинчалик бош директор бўлган. 2025 йилнинг биринчи чорагида компания соф фойдаси 71 фоизга камайгани ҳақида ҳисобот берган. Tesla бу йирик йўқотишларнинг сабабларидан бири сифатида Илон Маскнинг Ҳукумат самарадорлиги департаменти (DOGE) раҳбари сифатида федерал ҳукуматдаги ишлари савдоларга салбий таъсир кўрсатаётганини тан олган.

Шундан сўнг Маск май ойидан бошлаб Вашингтондаги ишларини камайтиришини билдирган. У 30 майгача DOGE раҳбарлиги лавозимини тарк этиши керак.

Кеча, 30 апрель куни Трамп бошчилигидаги ҳукумат йиғилишида Президент Трамп Маскка ҳукуматдаги хизматлари учун миннатдорлик билдирган.

“Сиз бу ерда қанча хоҳласангиз, шунча қолишингиз мумкин. Лекин менимча, у машиналари ёнига қайтмоқчи”, деган Трамп.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “The Washington Post” манбаларига таяниб, Илон Маск сиёсий чап ҳужумларидан чарчагани учун АҚШ маъмуриятини тарк этишга тайёр экани ҳақида ёзган эди. Маскнинг кетишининг аниқ санаси ҳозирча номаълум, бироқ унинг махсус давлат ходими мақоми май ойи охирида тугаши кутилмоқда. Нашрнинг номи ошкор этилмаган манбасига кўра, миллиардер “чап қанот сиёсатчиларнинг нохуш ва ахлоқсиз ҳужумларига чидашдан чарчаган”. Маскнинг фикрича, унинг йўқлиги DOGE ишининг самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмайди, чунки департамент ходимлари жараённи аллақачон йўлга қўйган.


Мақола муаллифи

Теглар

Илон Маск Tesla DOGE

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг