Маск АҚШ маъмуриятини тарк этишга тайёр – WP

Олам

image

АҚШ Ҳукумат самарадорлик департаментини (DOGE) назорат қилувчи Илон Маск сиёсий чап ҳужумларидан чарчагани учун АҚШ маъмуриятини тарк этишга тайёр. Бу ҳақда манбаларига таяниб, “The Washington Post” (WP) хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, Маскнинг кетишининг аниқ санаси ҳозирча номаълум, бироқ унинг махсус давлат ходими мақоми май ойи охирида тугаши кутилмоқда. Нашрнинг номи ошкор этилмаган манбасига кўра, миллиардер “чап қанот сиёсатчиларнинг нохуш ва ахлоқсиз ҳужумларига чидашдан чарчаган”.

WP манбаси таъкидлашича, Маскнинг фикрича, унинг йўқлиги DOGE ишининг самарадорлигига салбий таъсир кўрсатмайди, чунки департамент ходимлари жараённи аллақачон йўлга қўйган.

Американинг “Politico” газетасининг 2 апрель куни хабар беришича, АҚШ Президенти Дональд Трамп ўзининг яқин ҳамкорларига Маскнинг сиёсий роли яқин ҳафталарда қисқариши ҳақида маълум қилган. Нашр манбаларининг таъкидлашича, Маск биринчи навбатда бизнесга эътибор қаратади ва “қўллаб-қувватловчи сиёсий роль ўйнайди”, эҳтимол Трампга “норасмий маслаҳатчи сифатидаги мавқеини сақлаб қолади”.

Аввалроқ Трамп бўртиб қолган ҳукумат аппаратини қисқартириш ва бюрократияга қарши кураш бўйича бир қатор чора-тадбирларни эълон қилган эди. Шу мақсадда у миллиардерга агентликнинг ҳукумат фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича ишини назорат қилишни топширди. Маск АҚШ ҳукумати харажатларини 2 триллион долларга қисқартиришни кутаётганини айтди.

DOGE'нинг ҳаракатлари минглаб агентлик ходимларини ишдан бўшатишга ва кўплаб молиявий ёрдам дастурларини тўхтатиб қўйишга олиб келди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Илон Маск

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг