“Тeррорчи рeжим”га тeрроризм хавф солмоқда?!
Таҳлил
−
10 Октябрь
12386Ортда қолган октябрь ойининг дастлабки 6 кунида Исроил ҳудудида қисқа вақт ичида кетма-кет икки бор қуролли ҳужумлар содир бўлди. Дастлаб, 1 октябрь санасида мамлакат пойтахти Тель-Авивда, сўнгра орадан 5 кун ўтар-ўтмас, Тель-Авивдан чамаси 100 км узоқда жойлашган Беер Шеба шаҳрида қуролланган шахслар аҳолини ўққа тутди. Мазкур ҳужумларда жами 8 киши ҳалок бўлди, 27 киши яраланди. Баъзи манбалар эса жароҳатланганлар сони 30 нафарни ташкил қилганини қайд этди. Октябрь ойида қилинган бундай ҳужумлар вақт юзасидан ўзига хос рамзий маънога эга бўлгандек таассурот уйғотди.
Нетаньяху режими томонидан ортда қолган бир йил давомида Ғазода амалга оширилган шафқатсиз геноцид ва террор вақт ўтиб, мамлакат пойтахтида тинч аҳолининг жабр кўришига сабаб бўлди. 2023 йилнинг айни шу кунларида Нетаньяху ва Йоав Галант тандеми бошлаган террорчилик актларига тенг қирғинлар орадан бир йил ўтиб, кичик салмоқда бўлса-да секин-аста Исроил ҳудудига кўчгандек, гўё. Қуйида эса Исроил аҳолисига қилинган мазкур қуролли ҳужумларнинг батафсил баёни ва ортда қолган йилларда Биньямин Нетаньяху режими қандай қилиб, “Ал-Қоида” ва ИШИД каби бузғунчи террор гуруҳлардан қолишмайдиган даражага чиққанига атрофлича тўхталамиз.
Нетаньяхунинг геноциди учун бадал тўлаганлар
1 октябрь куни тушдан кейин Эрон Исроилга йирик ракета ҳужумини уюштиришидан бироз аввал Исроил пойтахти Тель-Авив шаҳридаги Яффа ҳудудида қонли қуролли ҳужум содир бўлди. Қора кийимда тўппонча ва пичоқ билан қуролланган икки эркак трамвай бекати ва унга яқин кўчаларда аҳолига ўт очишни бошлади.
Воқеага бевосита гувоҳ бўлган инсонлардан бири бу жараёндаги овозларни дастлаб шунчаки мушакбозлик деб ўйлагани, аммо кейинроқ, бу ҳақиқий ўқ овозлари эканини тушуниб етганини айтган. Ҳужум асосан пичоқ ва ўқотар қурол ёрдамида амалга оширилди. Оқибатда эса қисқа вақт ичида 7 киши ҳалок бўлди ва яна 17 киши яраланди. Аммо ярадорлар ичида яна беш кишининг аҳволи жуда оғир экани айтилди. Кейинги маълумотлар эса шуни очиқладики, ушбу ҳужумда ҳалок бўлган тинч аҳоли орасида уч нафар чет эл фуқаролари ҳам мавжуд бўлиб, улар Греция, Грузия ва Молдова каби давлатлардан бўлгани очиқланди. Ҳужумда яраланганлар эса Вольфсон ва Сураски тиббиёт марказларига олиб кетилгани айтилди.
Ҳужум акс этган видеода бир қанча жасадлар поезд станциясида “чўзилиб” ётгани, ижтимоий тармоқларда тарқатилган бир суратда эса қуролланган икки эркак ярадорлардан бирини ерда ётган ҳолда қатл қилаётгани акс этган. Аммо орадан кўп вақт ўтмай, қуролли шахслар Исроил ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан воқеа жойида йўқ қилинди. Бундан ташқари, полиция отишма содир этганликда гумон қилинган учинчи шахсни ҳам қўлга олгани ва мазкур иш юзасидан тергов ишлари олиб боришни бошлагани ҳақида хабарлар тарқалди. Кейинчалик мазкур қуролли ҳужумни уюштирганлар Ғарбий соҳилда истиқомат қилган Муҳаммад Саҳар Ражаб ва Ҳасан Муҳаммад Тамими исмли ҲАМАСга алоқадор икки шахс бўлгани маълум қилинди. Улардан бири 19 ёшда, иккинчиси 25 ёшда бўлган. Орадан кўп вақт ўтмай, ҲАМАСнинг ўзи бу ҳужумдаги жавобгарликни ўз зиммасига олди ва буни ҳаракатга тегишли Ал Қассам бригадаси амалга оширгани эълон қилинди. Шундай қилиб, теракт сифатида баҳоланган бу воқелик Нетаньяху режимининг Ғазодаги мислсиз геноцид актларига нисбатан жавоб тариқасида кўрилди. Аммо ачинарлиси шундаки, бу бадал режим аъзолари томонидан эмас, балки тинч аҳоли томонидан тўланди. Аммо бу бугунги расмий Тель-Авив жиноятлари учун мамлакат оддий аҳолисининг сўнгги бор жавобгарликка тортилиши эмасди.
Орадан беш кун ўтиб, 6 октябрь куни Беер-Шева шаҳрида яна шу каби қуролли ҳужум содир этилди. Террорчилик акти сифатида малакаланган ушбу отишма Исроилнинг Беер-Шева шаҳридаги марказий вокзалида амалга оширилди. 1 октябрда Тель-Авивда теракт уюштирган шахслар каби, пичоқ ва ўқ отар қурол билан қуролланган шахс шаҳарнинг марказий вокзалида жойлашган МcDonald’s ресторанига бостириб кириб, одамларга қарата ўт очди. Воқега тўғридан-тўғри гувоҳ бўлган McDonald’s филиали менежери Тарин Якобов даставвал ўқ овозларини эшитгани, шундан сўнг террорчи қуроли билан ўқ отаётганини кўриши биланоқ эшикларни ёпиб, ичкарига яширинганини айтди. Унинг сўзларидан англашилишича, отишма 15 дақиқа атрофида давом этган. Шундан сўнг, полиция ушбу терактни содир этган 29 ёшли шахсни воқеа жойининг ўзида йўқ қилган.
Мазкур ҳужум оқибатида 1 киши вафот этгани ва яна 10 нафар шахс турли даражада жароҳат олгани маълум бўлди. Баъзи манбалар эса яраланганлар сони 12 нафарни ташкил этгани ҳақида ёзди. Ҳалок бўлган шахс эса 19 ёшли сержант аёл эканлиги очиқланди. “The Times of Israel” нашрининг ёзишича, теракт Лакия шаҳри яқинидаги бадавий қишлоғида туғилган 29 ёшли Аҳмад Ал-Укби томонидан содир этилган. Расмийларга кўра, у илгари ҳам суд қилинган. Тасдиқланмаган маълумотларга кўра, Аҳмад Ал-Укби 2015 йил октябрь ойида Беер-Шевадаги худди шу автовокзалда отишма содир этган Муҳанад Алукабининг қариндоши бўлган.
Шундай қилиб, 6 кун ичида Исроил ҳудудида икки бор теракт юз берди. Аслида, бир давлат ичида шу каби жуда қисқа вақт ичида кетма-кет террорчилик хуружлари содир бўлиши камдан кам кузатиладиган ҳолат. Бу бутун мамлакат аҳолиси орасида хавотир ва беқарорликка сабаб бўлувчи омил бўлиши керак. Аммо бир йилдан ортиқ давр ичида Ғазо секторида чек-чегарасиз қатлиомлар қилиб келаётган ва аллақачон ҳалок этилган, яраланган ва изсиз ғойиб бўлган умумий 200 мингга яқин қурбонларга эга Исроил ҳукумати бундай хуружларга пинагини ҳам бузмаётгандек гўё. Лекин, 1 ва 6 октябрдаги терактлар давомли бўлса ва унинг кўлами кенгайиб борса, бу Нетаньяху учун ички босимларни кучайтириши аниқ. Ёз охирида ҲАМАС туннелларидан бирида бир неча ойлардан буён асирликда сақланаётган 6 нафар исроиллик асирнинг жасадлари топилиши бутун Исроилда қандай реакция бергани барчага маълум. Мамлакатдаги энг йирик касаба уюшмаси томонидан ташкиллаштирилган норозилик акцияси ва йирик иш ташлаш жараёни бир неча соатларга яҳудий давлатини “музлатгани” гувоҳи бўлдик. Бугун исроилликлар ортда қолган кунларда рўй берган терактлар Нетаньяхунинг Ғазодаги қатлиомлари ва ҳарбий жиноятлари учун жавоб эканлигини жуда яхши англашади.
“Ал Қоида” ва ИШИДдан қолишмаётган Нетаньяху режими
1980 йилларда сиёсий беқарорлик ва совет босқини остида қолган Афғонистонда олий ҳокимият ва босқинчиларга қарши АҚШ томонидан қўллаб-қувватланган логистика гуруҳи ташкил этилади. Кейинчалик Совет Иттифоқи Афғонистонни тарк этгач, бу гуруҳ ҳам ўз-ўзидан тарқалиб кетади. Аммо, маълум вақтдан сўнг, гуруҳ унинг эски етакчилари томонидан қайтадан шакллантирилди ҳамда дунёнинг турли қисмларида бузғунчи ва қўпорувчи ишларни амалга оширишни бошлади. “Ал-Қоида” ўз фаолияти давомида Яқин Шарқ, Кичик Осиё, Африка, Афғонистон ва Покистонда кўпчиликнинг ҳаётига зомин бўлди. Унинг бутун дунёни даҳшат ичида қолдирган террорчилик акти 2001 йил 11 сентябрда АҚШ “эгизак бинолар”га қилган ҳужуми эди. Мазкур теракт оқибатида 3 мингга яқин инсон ҳалок бўлди ва бу тарихдаги энг йирик террорчилик акти эди. Бу эса бир қатор тахминларга кўра, Қўшма Штатлар маълум вақт илгари ўзи томонидан тикланган ва молиялаштирилган гуруҳнинг янги версияси томонидан қақшатқич зарбага учраганини англатарди. Шундан кейин АҚШ мазкур террорчи ташкилотни йўқ қилиш учун мисли кўрилмаган даражада ҳарбий ва молиявий сафарбарлик эълон қилди. “Ал-Қоида” билан дунёнинг турли нуқталарида муросасиз кураш олиб борди. 2011 йилда унинг раҳбари, дунёдаги энг йирик террорчи Усома Бин Ладинни Покистонда кичик ҳарбий бўлинма иштирокидаги махсус операцияда йўқ қилди. Аммо бу дунёнинг кўп қисмида сиёсий ва ижтимоий тизимни маълум даражада издан чиқарган мазкур ташкилотни бутунлай йўқота олмади.
2018 йил ҳисоб-китобларига кўра, “Ал Қоида”га қарши кураш учун шу даврга қадар АҚШ давлат бюджетидан ажратилган маблағ 6 триллион долларга тенг эканлиги ҳақида хабарлар тарқалди. Бу миқдор эса ўша пайтда ҳам ҳозир ҳам АҚШ ва Хитойдан кейинги энг йирик иқтисодий кўрсаткичга тенг маблағ дегани. Бугун эса Нетаньяху ва Йоав Галант бошчилигидаги Исроил ҳукумати ва ҳарбий тузилмаси кўп жиҳатлари билан “Ал Қоида”ни ёдга солади. Жумладан, Исроилнинг АҚШдан оладиган йиллик беғараз молиявий қўллови 3-4 миллиард долларни ташкил қилади. Бундай ёрдам эса илгари тинчлик мақсадида фойдаланилган бўлса, энди Ғазодаги геноцид актларини содир этишда ишлатилинаётганини тасдиқлайдиган бир қатор далиллар аллақачон мавжуд. Қочқинлар лагерини ўққа тутишда иштирок этаётган АҚШ қуроллари ва бу фактларни исботлаган бир қатор мониторинг марказларининг хулосалари шулар жумласидандир.
Айни шу паллада биз “Ал-Қоида” ва Нетаньяху режими ўртасида кесишган чизиққа гувоҳ бўламиз. Гап шундаки, юқорида “Ал-Қоида”нинг пойдеворини қуришда Вашингтоннинг излари борлиги ва кейинчалик ушбу террорчи ташкилот АҚШнинг ўзига мисли кўрилмаган ҳалокатли зарба бергани ҳақида тўхталиб ўтилди. АҚШ томонидан сўзсиз қўллаб-қувватланадиган Нетаньяху режими эса бугун Қўшма Штатларга зарар беришда “Ал-Қоида”дан қолишмаяпти. Ортда қолган бир йил давомида Ғазода рўй берган воқеалар АҚШнинг халқаро майдондаги репутацияси ва таъсирини фалажлади. Кўп қутбли дунё тартиби ҳақидаги гап-сўзлар ҳар қачонгидан-да кўп янграй бошлади. Дунё шоҳсупасида АҚШнинг ўрни маълум даражада қисқарди. Бўш қолган ўрин эса Хитой томонидан тўлдирилиш эҳтимоли кун сайин ортиб бормоқда. Бир сўз билан айтганда, Исроил АҚШга “қақшатқич зарба” берди.
Бугун дунёдаги қатор бегуноҳларнинг қирғинига сабабчи бўлган “Ал-Қоида” ва ИШИД каби инсоният бошига кулфат келтирган террор ташкилотлари билан Тель-Авивдаги Нетаньяху ҳукумати орасидаги яна бир асосий ўхшашлик бу – уларнинг қурбонлари сонидир. 35 йилдан ортиқ давр ичида АҚШ ва “Ал-Қоида” ўртасидаги курашда ярим миллионга яқин инсон ҳалок бўлди. “Ал-Қоида” дунёнинг турли нуқталарида сон-саноқсиз террорчилик актларини содир этди. Нетаньяху эса айни дамда уларнинг рекордини қувиб ўтишга яқинлашмоқда.
Ортда қолган бир йил ичида Ғазо секторида 42 мингга яқин бегуноҳ ҳалок қилинди. 97 мингдан ортиқ одам турли даражада яраланди. Ғарбий Соҳилда 750 нафар яқин инсон ўлдирилди ва 6200 дан ортиқ тинч аҳоли жароҳатланди. Ливанда эса вафот этганлар аллақачон 2000 дан ошган бўлиб, яраланганлар 9 ярим мингга яқинлашди. Бедарак йўқолганлар эса мазкур фронтларда 10 мингдан ошиб улгурди. Буларнинг барчаси бор йўғи 365 кун ичида Исроил томонидан амалга оширилди. Умумий ҳисобда, Исроил қурбонлари айни дақиқаларда 170 мингдан ошди. Бу рақамлар эса Нетаньяху ҳукумати тинч аҳолига қирғин келтириш борасида дунёдаги энг йирик террорчи ташкилотлардан қолишмаётганини очиқ-ойдин кўрсатиб беради.