Теракт сабаб 6 йил тўхтаб қолган Россия ва Миср ўртасидаги авиақатнов тикланди
Олам
−
08 Июль 2021
5279Президент Владимир Путин Россия авиакомпанияларининг Миср курорт ҳудудларига учишини тақиқловчи 2015 йилги фармонни бекор қилди. Тегишли ҳужжат бугун, 8 июль куни расмий ахборот порталида эълон қилинди.
Мисрга парвозларни тақиқловчи 2015 йилги фармонда фақат Қоҳирага мунтазам авиақатнов ва Мисрга хизмат сафари билан боғлиқ бўлган авиақатновга рухсат берилганди. Бекор қилинган фармонда, шунингдек, туроператорлар ва сайёҳлик агентликлари учун авиақатновлар тақиқда бўлган даврда Қоҳира шаҳри бундан мустасно, Миср Араб Республикаси ҳудудига авиатранспорт орқали кириб борадиган туристик маҳсулотни фуқароларга сотишдан воз кечиш бўйича тавсиянома мавжуд эди.
Энди ушбу чекловлар ўз кучини йўқотди.
Эслатиб ўтамиз, Россия Федерацияси ва Миср ўртасидаги авиақатнов 2015 йил ноябрь ойида Шарм аш-Шайхдан Санкт-Петербургга парвоз қилган Россиянинг “Когалымавиа” компанияси самолётининг Синайда ҳалокатга учраганидан сўнг, тўлиқ тўхтаб қолди. Ўша самолёт бортида 217 йўловчи ва етти нафар экипаж аъзоси бўлган, уларнинг барчаси ҳалок бўлган. Россия Федерал хавфсизлик кучлари ушбу ҳодисани “теракт” (террорчилик ҳаракати — таҳр.), деб баҳолаган.
2018 йилга келиб Путин Қоҳирага мунтазам авиақатновни тиклаш тўғрисидаги фармонни имзолади, бироқ Мисрнинг курорт ҳудудларига чартер рейслар ёпиқлигича қолаётганди. Сўнгги йилларда Миср томони йўловчилар ва юкларни текшириш, назорат қилиш ва текшириш тизимини такомиллаштирди, шунингдек аэропортларнинг инфратузилмасини сезиларли даражада модернизация қилди.
Россия шаҳарлари ва Қизил денгиздаги курорт ҳудудлар ўртасида парвозларни тиклаш тўғрисида Путин ва Миср Президенти Абдел Фаттоҳ ас-Сиси жорий йилнинг 23 апрелида келишиб олганди. Май ойининг бошида Россиянинг Қоҳирадаги элчиси Георгий Борисенко авиация маъмурияти ва хавфсизлик идоралари авиақатновни тиклаш учун барча зарур чораларни охиригача бажариши кераклигини эълон қилди.
LiveБарчаси