Теннис юлдузлари мукофот пулларидан норози
Спорт
−
05 Май 1145 2 дақиқа
Теннис юлдузлари Янник Синнер, Арина Соболенка ва Коко Гауф “Ролан Гаррос” мусобақасидаги мукофот пулидан норози эканини билдирди. Бу ҳақда теннисчиларнинг ўзлари баёнот берган.
Юлдузларнинг айтишича, умумий мукофот жамғармаси оширилган бўлса-да, (61,7 млн евро), теннисчиларнинг турнир даромадидан оладиган улуши камайиб бормоқда. Теннисчиларнинг турнир даромадидаги улуши 2024 йилдаги 15,5 фоиздан 2026 йилга бориб 14,9 фоизга тушиши кутилмоқда.
“Турнир ташкилотчиларига кўра, “Ролан Гаррос” 2025 йилда 395 млн евро даромад қилган, бу ўтган йилга нисбатан 14 фоизга кўп. Бироқ мукофот пули фақат 5,4 фоизга ошган ва теннисчилар улуши 14,3 фоизга тушиб кетган”, дейилади баёнотда.
Теннисчиларнинг айтишича, уларнинг бошқа талаблари ҳам бор, жумладан яхшироқ вакиллик, тиббий хизмат ва пенсия масалалари, аммо бу масалалар ҳозирча ҳал этилмаган.
Маълумот учун, қум қопламли “Катта дубулға” турнири 24 май куни Парижда бошланади. Ташкилотчилар 2026 йил учун жами мукофот жамғармасини 61,7 млн еврога етказган (ўтган йилга нисбатан 5,3 млн евро кўп). Шу билан бирга, турнир 2025 йилда 395 млн евро даромад қилган ва 2026 йилда бу рақам 400 млн евродан ошиши кутилмоқда.
Мукофотлар тақсимоти қуйидагича:
- Чемпионлар – 2,8 млн евро;
- Финалчилар – 1,4 млн евро;
- Ярим финалчилар – 750 минг евро
- Биринчи босқичда мағлуб бўлганлар – 87 минг евро;
- Жуфтлик ғолиблари – 600 минг евро;
- Аралаш жуфтлик ғолиблари – 122 минг евро.
Эслатиб ўтамиз, 3 май куни эркаклар ўртасидаги яккалик баҳсларида дунёнинг биринчи рақамли теннисчиси Янник Синнер “Мадрид Мастерс” турнирида чемпионликни қўлга киритган эди.
Ойбек Рустамов
Live
Барчаси