“Тендер челленж” навбати Навоийга: ҳокимлик мулозимининг оиласи бир неча млрдлик давлат буюртмаларини ютган
Жамият
−
06 Январь 2021
11168Telegram’даги “davletovuz” каналининг ёзишича, 2019 йилнинг 19 мартидан Навоий вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компаниясига, яъни вилоятдаги қурилишлар бўйича асосий давлат буюртмачисига Баҳодир Пўлатович Мансуров раҳбар этиб тайинланади. Баҳодир Мансуров оиласига тегишли бўлган “Mexrangez B-2002” МЧЖ бир неча миллиард сўмлик давлат буюртмаларини қўлга киритган.
Қайд этилишича, Навоий вилояти Кармана тумани “Боғишамол” МФЙ ҳудудидаги 30-сонли мактабни реконструкция қилиш (240 ўринли ўқув блоки қуриш) объекти бўйича тендер комиссияси йиғилиши 2020 йилнинг 3 июнида ўтказилган. Қиймати 2 млрд сўмлик мазкур объектнинг тендер ҳужжатларига Баҳодир Мансуров комиссия раиси ўринбосари сифатида қўл қўяди. Дарвоқе, маблағлар Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан ажратилган.
Бундан ташқари, Навбаҳор тумани 8-сонли мактабгача таълим муассасаси биносини мукаммал таъмирлаш (125 ўринли блок қурилиши) объекти ҳам “Mexrangez B-2002” МЧЖга насиб қилган. Қарийб 2,8 млрд сўмлик мазкур объект бўйича танлов комиссияси мажлиси 2019 йилнинг августида ўтказилган. Танлов комиссия раиси эса Баҳодир Мансуров бўлган.
“Ҳозирги кунда “Mexrangez B-2002” компаниясининг барча улуши Саодат Омоновна Мансуровага (биздаги маълумотларга кўра турмуш ўртоғи) тегишли бўлиб, унга Меҳрангез Баҳодирович Мансуров (биздаги маълумотларга кўра фарзанди) раҳбарлик қилади”, деб ёзади канал муаллифи.
Маълумот учун, Навоий вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси бош муҳандиси бўлиб ишлаган А. Турдиев ҳужжатларга 2020 йилнинг июль ойидан 2021 йилнинг январигача компания директори в.б. сифатида имзо қўйиб келган. Январь ойидаги охирги актуал маълумотлар, жумладан, Давлат статистика қўмитаси сайтининг корхона ва ташкилотлар тўғрисидаги маълумотлар базасида эса Баҳодир Мансуров яна Навоий вилоят ҳокимлиги “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси раҳбари сифатида кўрсатиб ўтилган.