Темир йўл юк станциялари шаҳарлардан ташқарига кўчирилиши мумкин
Жамият
−
25 Сентябрь 2023
5456Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев темир йўл соҳасини ислоҳ қилиш юзасидан ўтказилаётган йиғилишда айрим темир йўл станцияларининг даромади ўз харажатларини қопламаётганини айтди. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар берди.
“Назарбек” станцияси атрофида ҳам акциядорлик жамиятига қарашли, ҳам хусусий логистика компаниялари жойлашган. “Темир йўл”га қарашли “Юксарой” корхонаси йилига 1 гектар майдондан 277 миллион сўм даромад топган бўлса, хусусий корхоналар 1 миллиард сўмдан ортиқ даромад олмоқда”, дейди Президент.
Мирзиёев шу боис ҳам темир йўл станцияларига хусусий секторни жалб қилиш ва инвестиция киритиш муҳимлигини айтиб ўтган.
Шунингдек, йиғилишда импорт вагонларининг катта қисми пойтахт ва вилоят марказларига кириб келиши оқибатида станцияларда тирбандлик юзага келаётганига эътибор қаратилган.
Жумладан, темир йўл юк станцияларини шаҳарлардан ташқарига кўчириш имкониятини ўрганиш зарурлиги қайд этилган. Бу шаҳарларда юк машиналари ҳаракатини қисқартиришга, туманларга қўшимча инвестиция киришига хизмат қилади.
Соҳада рақамлаштириш қониқарли даражада эмаслиги ҳам таъкидланган. Унга кўра, жорий йилнинг етти ойида юк ташиш хизматининг атиги 8 фоизи электрон расмийлаштирилган, йўловчи чипталарининг 57 фоизи кассалар орқали сотилган.
Бундан ташқари, марказий вокзалларга кириб-чиқиш имконияти чеклангани, автомобиль сақлаш жойлари вокзаллардан узоқлиги ва вокзалларда савдо ва сервис хизматлари лозим даражада йўлга қўйилмагани танқид қилинган.
LiveБарчаси