Telegram орқали наркотик сотган собиқ футболчи ушланди (видео)

3-саҳифа

image

Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларни Telegram мессенжерида турли хил номдаги ботлар орқали сотиб келган собиқ профессионал футболчи қўлга олинди. Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Қайд этилишича, 1999 йилда туғилган, профессионал футбол клуби собиқ футболчиси бўлган, ҳозирга қадар болалар оромгоҳида жисмоний машғулотлар ўтказувчи мураббий вазифасини бажариб келаётган фуқаро наркошоп фаолиятини қайтадан йўлга қўйган. Олиб борилган суриштирув ишлари натижасида мазкур шахс ўзига тегишли Telegram ботлари орқали гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар савдоси билан шуғуллангани аниқланган.

Бундан ташқари, у мазкур “бизнеси” орқали қабул қилинган маблағларни крипто-активларга айирбошлаш ва ўтказиш билан боғлиқ молиявий операцияларни ўзига тегишли крипто биржасидаги аккаунт орқали амалга оширганлиги маълум бўлган.

Билдирилишича, мазкур ботлар фаолиятини бошқариб келган шахс икки ой аввал Жиноят кодексининг 278-8-моддаси (крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузиш) учинчи қисми “а” банди билан судланган бўлган. Фуқаро ноқонуний фаолият давомида жами 550 миллион сўмдан ортиқ пул маблағларини турли крипто-ҳамён манзилларига юборгани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан жиноий қилмишни такроран содир этган шахсга нисбатан кучайтирилган жазо чораси қўлланилиб, Жиноят кодексининг 278-8-моддаси (Крипто-активлар айланмаси соҳасидаги қонунчиликни бузиш) иккинчи қисми “а” банди (такроран ёки хавфли рецидивист томонидан) билан жиноят иши қўзғатилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Telegram ижтимоий тармоғида 2023 йилдан буён гиёҳвандлик воситалари ноқонуний муомаласи билан шуғулланиб келган шахс ушланганди. У Telegram наркодўконида йилига 800 килограммгача кучли таъсир қилувчи дори воситаларини аҳоли орасида тарқатиб келган ҳамда яширин нарколабораторияларни прекурсорлар билан таъминлаб тургани маълум бўлганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг