Telegram’да сохта саҳифалар орқали одамларни чув тушурганлар қамалди (видео)

3-саҳифа

image

Ижтимоий тармоқлар орқали Божхона қўмитаси номидан сохта саҳифалар очиб, фуқароларнинг пулларини ўзлаштириб келган жиноий гуруҳ қўлга олинди. Бу ҳақда Тошкент вилояти Ички ишлар бош бошқармаси хабар берди.

Маълум қилинишича, вилоятда ўтказилган тезкор тадбир давомида Telegram ва Instagram ижтимоий тармоқларида Ўзбекистон Давлат божхона қўмитаси номидан сохта канал ва гуруҳлар очиб, фуқароларнинг пул маблағларини ўзлаштириб келган жиноий гуруҳ фош этилиб, гуруҳ аъзолари қўлга олинган. 

Дастлабки суриштирувларга кўра, Андижон вилоятида яшовчи 22–25 ёшли 5 нафар шахс жорий йил бошида жиноий режа тузиб, Telegram ва Instagram тармоқларида божхона тизими номидан “Мусодара товарлар” ва “Оптом склад” номлари остида канал ва гуруҳлар ташкил этган. Шунингдек, гуруҳларда “Божхона қўмитаси админи”, “Ишонч сиз билан” каби ўнга яқин сохта аккаунтлар орқали ўзларини гўёки тизим ходимлари сифатида таништирган.

Улар маиший техника, музлаткич ва телевизорлар, иситиш қозонлари, ошхона ва болалар мебеллари, турли гаджетлар, жумладан iPhone телефонларининг сўнгги моделлари ҳамда кийим-кечакларни жуда арзон нархларда таклиф қилиб, аслида мавжуд бўлмаган мотоскутерларгача етказиб беришни ваъда қилган. Тўловларнинг маълум қисми эса ўзгаларнинг номига расмийлаштирилган банк карталар орқали қабул қилинган.

Оқибатда жиноий гуруҳ аъзолари дастлабки терговга қадар жами 60 нафар фуқаронинг ишончига кириб, фирибгарлик йўли билан 117 миллион сўм пул маблағлари ўзлаштирган ва пулларни шахсий эҳтиёжлари учун сарфлан юборган. Маҳсулотни талаб қилган ёки қайта алоқага чиққан жабрланувчилар эса жавобсиз қолдирилиб, ижтимоий тармоқларда “қора рўйхат”га киритилган.

Мазкур ҳолат юзасидан гуруҳ аъзоларига нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 3-қисми “б” ва “г” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилган.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, фуқароларга етказилган моддий зарарларни қоплаш чоралари кўрилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қашқадарё вилоятида ижтимоий тармоқлар орқали гиёҳвандлик воситалари савдоси билан шуғулланиб келган шахслар қўлга олинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

фирибгарлик Telegram Божхона қўмитаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг