Telegram’да реклама: Дуров кутилган янгиликни эълон қилди
Технология
−
05 Ноябрь 2021
13561Telegram’да реклама пайдо бўлади. Бу ҳақда мессенжер асосчиси Павел Дуров маълум қилди.
Таъкидланишича, энди мингдан ортиқ одам обуна бўлган барча каналларда “sponsored” белгиси билан хабар пайдо бўлди. Ушбу ёзув каналдаги барча хабарларни ўқигандан кейингина кўринади.
Дуров реклама фойдаланувчилар учун деярли кўринмас бўлишини ва бундан ташқари, у шахсий ёзишмалар ва гуруҳларда, шунингдек чатлар рўйхатида бўлмаслигига ваъда берган. Унинг тушунтиришича, рекламадан тушган даромад Telegram’га фойдаланувчиларга бепул ва чексиз хизмат кўрсатишда давом этиш имконини беради.
Канал эгалари реклама мазмунига таъсир ўтказа олмайди. У каналлар мавзулари асосида шакллантирилади ва ташқи ҳаволаларсиз ёки фотосуратларсиз фақат қисқа матнларни ўз ичига олади, шунингдек ҳар бир канал учун битта реклама пости билан чекланиш мавжуд.
“Фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотлари ўрганилмайди”, деган у.
Маълумот ўрнида, Дуров 2020 йилда Telegram’ни қандай қилиб монетизация қилиш мумкинлиги ҳақида гапирганди.