Текин пишлоқ қопқонда бўлади. Hamster Kombat қандай ўйин?
Таҳлил
−
10 Июнь
43655Сўнгги кунларда катта-ю кичик, ёш-у қари ўртасида Telegram иловасидаги Hamster Kombat деб номланган ўйин нафақат оммалашди балки, кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлди. Бугунги кунда 60 миллиондан ошган фойдаланувчилар ўйиннинг моҳиятини тушуниб-тушунмасдан сичқонча ("Ҳамяк")нинг қорнини босиб, тангачалар йиғиш билан овора. Фойдаланувчиларнинг фикрига кўра, шу йўл билан тўпланган тангаларни сотиб, биржадан мўмай даромад топиш мумкин.
Тангаларни кўпайтиришнинг бошқа усуллари ҳам бор. Бунинг учун сиз ўйиннинг ижтимоий тармоқлардаги барча саҳифаларига обуна бўлишингиз, шунингдек, дўстларингизни ўйинга таклиф қилишингиз керак. Айнан дўстларни таклиф қилиш шарти сабабли Hamster Kombat одамлар орасида тезда оммалашди.
Биржада ҳали рўйхатдан ўтиб улгурмаган ушбу Telegram ўйини ишончлими, қонун билан ҳимояланганми, ўйин асосчиларнинг мақсади нима? Қимматли вақтини ўйин ўйнаш билан ўтказаётган ўзбекистонликларнинг оғзи куйиб қолмайдими? QALAMPIR.UZ ушбу саволларга жавобни ўз ичига олган мақола тайёрлади.
Нега айнан “Ҳамяк”?
Ушбу ўйиннинг асосий шартларидан бири телефон экранига босиб, танга йиғишдир. Йиғилган балларга қараб экранда тасвирланган “Ҳамяк” семиради, кийинади, сўнг бойиб кетади. Унинг бундай ривожланиши 4 босқичдан иборат, жумладан ўйиннинг бошида “Ҳамяк” кал ва яланғоч бўлади. “Ҳамяк” устига қанча кўп тўхтовсиз босилса, тангалар сони шунча кўпаяди ва сичқончанинг кўриниши ўзгариб боради.
Криптовалюта бўйича соҳа мутахассиси трейдер Жалолиддин Равшановнинг сўзларига кўра, бу маркетинг стратегияси бўлиб, криптовалюта индустриясида “Ҳамяк” деган кўчма маънодаги атама мавжуд. Биржа бозорида янги, деярли ҳеч нарсага тушунмайдиган, фаолиятини энди бошлаган ишчиларга нисбатан қўлланилади.
“Малакали криптоинвесторлар учун “Ҳамяк” қўпол қилиб айтганда, гўшт. У беозор, момиқ, жонзот. Реал ҳаётда ҳам бу жонивор қорни тўқ бўлишига қарамасдан, тўхтовсиз лунжига егулик ғамлайди. Трейдерликда эса улар 100 доллар билан бозорга келади уни 200 доллар қилиб, шу билан қаноатланади. Кейинги сафар кўпроқ даромад қилиш мақсадида каттароқ пул тикади. Шу пайтда “эски бўрилар” “Ҳамяк”ларнинг пулига қўшиб ўзини ҳам еб қўяди”, дейди криптоинвестор.
Ўйин яратилишидан мақсад
Бир тўда биржада савдо қилувчи трейдерлар шу каби airdrop ўйинларини ўйлаб топган. Улар лойиҳага катта маблағ тикиб, оммалаштиради ва одамларга ўз ҳисобидан танга тарқатади. Яъни Hamster’да йиғилаётган барча тангалар лойиҳа асосчилари томонидан молиялаштирилган. Шу ўринда савол туғилади “шунча катта маблағ тикиб, текинга танга тарқатишдан мақсад нима?” Мутахассиснинг айтишича, ўйин фойдаланувчилари томонидан йиғилган тангалар биржада савдо бошлангандан кейин ўйин асосчиларининг ўзи томонидан сотиб олинади ва биржада янада қимматроққа пулланади. Хулоса қилиб айтганда, airdrop фойдаланувчилари сонини кўпайтириш криптоинвесторларнинг биржадан кўпроқ даромад қилишига хизмат қилади.
Hamster’дан пул топиш мумкинми?
Hamster’да танга йиғиш жараёни март ойида бошланганди ва миш-мишларга кўра 16 июнга қадар ўйин биржадан рўйхатдан ўтиши (листинг) керак. Лекин ҳали ўйинга тегишли расмий манбалар аниқ кунини ошкор қилмаган. Аммо бу рўйхатдан ўтмайди дегани эмас.
“Ўйиннинг листинг бўлиши эҳтимоли юқори, чунки унинг юқорида таъкидланганидек кўп сонли фойдаланувчилари бор. Бу жуда катта лойиҳа ҳисобланади. Ўйин таъсисчилари ўйинга тиккан пулларини чиқариб олиши керак”, дейди трейдер.
Hamster Kombat’да пул ишлаш ҳозирча мавҳум бўлиб турган пайтда шу каби кликкерлар сирасига кирувчи Notcoin ўйинидан мўмайгина даромад қилганлар топилади. QALAMPIR.UZ Notcoin тангасини сотиб пул ишлаганлар ўртасида сўровнома ўтказди.
“Бундай ўйинлардан бемалол пул ишлаш мумкин. Мисол учун мен Notcoin’дан 500 доллар пул ишлаганман”, дейди сўровнома қатнашчиларидан бири.
“Ҳозирда Notcoin’нинг айни ошган пайти. Биз нархи кўтарилишини кутиб крипто-дўконларга пуллаяпмиз”, дейди яна бир иштирокчи.
Hamster ва Notcoin ўйнаганлар қамаладими?
Hamster Kombat ўйини оммалашиши ортидан ҳар куни ижтимоий тармоқларда “Hamster ва Notcoin’чилар қамалади” сарлавҳаси остида хабарлар тарқалмоқда. Ҳақиқатдан ҳам бу каби ўйинларни ўйнаганлар жавобгарликка тортиладими?
“Албатта йўқ, агар сиз ўз тангаларингизни қонуний йўл билан лицензияга эга крипто-дўконларга сотсангиз, ҳеч қандай муаммо бўлмайди, бунинг акси бўлса қонуний жавобгарликка тортилади. Жумладан, жорий йилнинг 10 июнь куни Сурхондарё вилояти Узун туманида туғилган, Термиз давлат университетининг 24 ёшли битирувчиси Телеграм мессенжери орқали ноткоин йиғиб, ноқонуний олди-сотди қилгани учун 10 суткага қамалди”, дейди Жалолиддин Равшанов.
Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 155-моддаси 4 қисмига кўра, крипто-активларни ноқонуний сотиб олиш ёки айрибошлаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 30 баравари миқдорида жарима тўланади ёки барча крипто-активлар мусодара қилинган ҳолда 15 суткагача қамоқ жазоси тайинланади. Қайта содир этилган ҳолатда ҳуқуқбузар шахсга нисбатан Жиноят кодексининг 278-моддаси 8 қисми билан бир йилдан 5-йилгача қамоқ жазоси тайинланади. Бундан кўриниб турибдики, фақат ноқонуний олди-сотди қилганларгина қамалиши мумкин.
Hamster Kombat ўйини шаръан жоизми?
Яқинда мусулмонлар идораси Bitcoin ва Notcoin каби криптовалюталар билан савдо қилиш шаръан жоиз эмас деган фатво билан чиқди.
“Криптовалюталарнинг нархлари кескин кўтарилиб-тушиб туриши ва кўпчилик фақат шу ўртадаги фарқдан фойда кўришга интилиши унда қимор аломатлари борлигини кўрсатади. Яъни, аксар одамлар ўзига керак бирор маҳсулот сотиб олишни эмас, балки нархнинг кўтарилиб-тушишига пул тикишни мақсад қилади. Бу эса савдонинг асосий ғоясига зиддир. Ислом дини мусулмонларни қимор ва унга ўхшаш фаолиятлардан ман қилган. Шаръий қоидага кўра, “Ҳаромга олиб борувчи восита ҳам ҳаромдир” (“Бадоиус саноиъ” китоби)”, дейилади фатвода.
Аммо идора шу куннинг ўзидаёқ мазкур хабар техник сабабларга кўра, эҳтиётсизлик оқибатида ижтимоий тармоқларда эълон қилинганини маълум қилди.
Билдирилишича, Фатво маркази директори шайх Нуриддин Холиқназар ва унинг ўринбосарлари Ҳаж сафарида, мазкур фатво лойиҳаси атрофидаги илмий-тадқиқот ишлари ҳали ниҳоясига етмаган ва шунингдек, замонавий масалаларни кенг қамровли ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.
“Сиз азизлардан узр сўраган ҳолда ушбу фатво устидаги илмий тадқиқотларни ниҳоясига етказиб, эътиборингизга ҳавола қилинишини маълум қиламиз”, дейилади хабарда.
Нима учун одамлар бу ўйинга берилиб кетди?
Ижтимоий тармоқларда тикувчи тикув машинасининг темири билан, кашфиётчилар эса кўпроқ танга йиғиш мақсадида турли ихтиролар билан Hamster’ни зўр бериб босаётгани тасвирланган видеоларнинг гувоҳи бўлмоқдамиз. Хўш, нима учун ўзбекистонликлар бу ўйинни “ётволиб” ўйнаяпти? Балки кўп ва осон усул билан пул топишга берилиб кетган ўзбек халқи ойлик-маошининг пастлиги, ишсизлик, инфляция, юқори нархлар, сўмнинг долларга нисбатан қадрсизланиши, озиқ-овқат нархининг юқорилиги бунга сабаб бўлаётгандир. Ёки улар шунчаки ўз вақтининг қадрига етмайдими? Ҳар ҳолда бу ўйиндан ким қанча пул топиши, умуман пул топиш-топмаслиги ҳам ҳали аниқ эмас.
Бундан ташқари бу каби ўйинлар осон пул топиш дангасалик касаллигини ҳам келтириб чиқаришига шубҳа йўқ. Бу эса мия фаолиятининг тормозланишига сабаб бўлади. Ўйинчининг жамиятга ва оилага бўлган диққат-эътиборини сусайтиради. Сиз бу ўйинни ўйнаб кўрдингизми?
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь