Техасда тошқинлар оқибатида камида 24 киши ҳалок бўлди (видео)

Олам

image

Шу кунларда АҚШнинг Техас штатида кучли жала ёмғири туфайли юзага келган сув тошқинлари оқибатида камида 24 киши ҳалок бўлди. Ҳалок бўлганлар орасида болалар ҳам бор. Бу ҳақда ABC News хабар берди.

Нашрга кўра, яна 25 киши бедарак йўқолган. Йўқолганларнинг тахминан 23 нафари Camp Mystic – қизлар учун мўлжалланган ёзги оромгоҳининг дам олувчилари бўлган.

Аҳолини қутқариш ва эвакуация қилиш учун вертолётлар ҳамда тактик ҳарбий техникалар жалб этилган. Техас Миллий гвардияси бошлиғи Томас Сюльцернинг сўзларига кўра, фавқулодда хизмат ходимлари жами 237 кишини қутқарган.

“Sky News”нинг ёзишича, маҳаллий судья Роб Келли сув тошқини оқибатида одамлар ҳалок бўлганини тасдиқлаган, бироқ кўпчилик жасадлар ҳозирча аниқланмаганини айтган.

“Биз бу одамларнинг шахсини аниқлашга ҳаракат қиляпмиз, аммо ҳозирча бунга эриша олмаяпмиз”, дейди у.

Расмийларга кўра, ҳалок бўлганлар орасида болалар ҳам бор. Улар сув тошқини бошланган вақтда ёзги оромгоҳдаги 700 нафардан ортиқ одамнинг орасида бўлган. Расмийлар қурбонлар сони ўзгариши мумкинлигини, чунки қидирув ишлари ҳали давом этаётганини билдирган.

Қайд этиш жоиз, Техасда сув тошқинлари мунтазам равишда рўй бериб туради ва улар штатдаги энг кенг тарқалган ҳамда вайронкор табиий офатлардан бири ҳисобланади. Масалан, 2022 йил август ойида ҳам Даллас–Форт-Уэрт шаҳрида жала ёғинлари туфайли кўчалар, уйлар ва автомобиллар сув остида қолган, оқибатда одамлар ҳалок бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Покистонда кузатилган кучли ёмғир ва сув тошқинлари оқибатида камида 45 киши ҳалок бўлгани хабар қилинганди. Энг кўп қурбонлар Хайбер-Пахтунхва вилоятида қайд этилган. У ерда 21 киши, жумладан 10 нафар бола вафот этган. Шимоли-шарқдаги Панжоб вилоятида 13 киши ҳалок бўлган, яна 11 киши Синд ва Балужистон вилоятларида қурбон бўлган. Айрим кишилар табиий офат оқибатида бинолар қулаб тушиши сабабли вафот этган.


Мақола муаллифи

Теглар

Техас сув тошқинлари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг