“Тегиниб бўлмас” мавзулар, ички цензура, танқид қилинмайдиган шахслар... Журналистларнинг сўз эркинлиги неча баллга тенг?
Таҳлил
−
04 Май 2023
140673 май – Жаҳон матбуоти эркинлиги куни. 1993 йилдан буён дунёнинг турли мамлакатларида нишонланиб келинадиган ушбу санада сўз эркинлиги асосий муҳокама мавзусига айланади. Барча давлатлар, айниқса демократик тузум ҳукмрон бўлган мамлакатларда айнан шу сўз эркинлигию, журналистлар дахлсизлиги биринчи ўриндаги масала сифатида қаралади. Сабаби айнан қалам соҳиблари мустақил ижод қила олган юртда ривожланиш бўлиши илғор давлатлар мисолида ўз исботини топиб бўлган.
Сўнгги йилларда анъанага айланиб улгурган “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти томонидан тузиладиган рейтингдан кимнинг қайси ўринни эгаллаганига қараб, ўша давлатда сўз эркинлигининг қай даражада эканини таҳлил қилиш мумкин. 2017 йилдан сўнг нисбатан эркинлашган, бир неча чекловлардан озод бўлган сўз эркинлиги Ўзбекистонда ўтган йилга қараганда 4 поғона пастлагани дилни хира қилади. 2022 йилда 133-ўринни забт этган мамлакат, жорий йилда 137-ўринга муносиб кўрилди.
Албатта, бу ҳавас қиларли натижа эмас. Айниқса, мамлакатда сўз эркинлиги даражасининг тушиши унинг халқаро имижига ҳам салбий таъсир кўрсатади.
Хўш, бу ҳолат журналист ва блогерлар ижодий фаолиятида ҳам сезилдими? Улар учун “тегиниб бўлмас” мавзулар борми? Шу пайтгача улар томонидан тайёрланган бирор бир журналистик материал қандайдир тазйиқ остида ўчириб юборилганми? Умуман, улар ўзларининг сўз эркинлигига неча баҳо беради? QALAMPIR.UZ айнан шу саволлар билан таниқли журналист ва блогерларга микрофон тутди.
“Қизил чизиқлар йилдан-йилга торайиб бормоқда”
Илёс Сафаров, журналист:
Ўзбекистонда умумий матбуот эркинлигини 10 баллик тизимда уч баллга баҳолайман. Нимага бунақа? Дейлик, Ўзбекистонда бугун нисбатан эркин бўлган нечта сайт бор? Хўп, иккитадир ёки учтадир. Биласиз, катта-катта сайтлар. Уларни ҳисобламасак, умумий оммавий ахборот воситалари: телеканаллар, радио, газета ёки интернет нашрларини олайлик, улар ёритаётган масалаларни таҳлил қилайлик. Хоҳлаймизми, йўқми бугун улар деярли 90-95 фоиз ҳолатда мақтов билан ёки аҳамияти жуда кичик бўлган танқидлар билан шуғулланяпти. Бу танқидлар аёллар жанжали, ўғрилик, ҳудудларда трансформатор етишмаслиги, асфальт масаласи “Open budget”даги тортишувлар – маиший масалалар. Телеканалларда ҳам аҳвол шундай.
Озми-кўпми танқид қила оладиган бир нечта сайтдан ташқари умумий медиа майдонини таҳлил қилганимизда, ҳолат мана шундай. Ўша икки-учта сайт нима билан шуғулланяпти? Тўғри, улар ҳам ҳаракат қилиб, баъзи долзарб масалаларни кўтаряпти. Лекин улар ёрита олмайдиган жуда кўп масалалар, шахслар ва органлар бор. Улар ҳам рухсат берилгани даражасида гапиряпти ва ўша “қизил чизиқлар” йилдан-йилга торайиб бормоқда. Бундан беш йил олдин кўтариш мумкин бўлган масалаларни бугун ёритиш мумкин эмас. Шунинг учун ҳам умумий ҳолатни 3 деб баҳолаган бўлардим. Бу ҳам бирмунча позитив баҳо.
Кеча эълон қилинган “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти рейтингида Ўзбекистоннинг ўрни пасайгани ҳам буни тасдиқлади. Бугун Шаҳноза Соатованинг постида “Озодлик” томонидан тайёрланаётган видеолар маҳаллий нашрлар тайёрлаётган дастурлардан кўра кўпроқ ўқилаётганига эътибор қаратганини ўқиб қолдим. Яъни бу 2016-2018 йилларда Ўзбекистоннинг ичида бўлган ахборот ташаббуси мамлакатдан ташқарига чиқиб кетиб бўлганини англатади. Одамлар яна хориж нашрларига ва улар тарқатган ахборотга ишона бошлаяпти. Бу жуда хавфли жараён. Биз бунинг нималигини биринчи маъмурият давридан биламиз. Одамларнинг хориж пропагандасига ишониб қолиши оқибатини Россия-Украина урушида, чет эл нашри маълумотларига ишониб қолиб, ҳақ билан ботилнинг фарқини ажрата олмаётганида кўриб турибмиз. Афсуски, бу жараён яна бошланмоқда. Вазиятни шу даражага олиб келганлар “айланиб ҳам, ўргилиб ҳам ўзлари пиширган ошни ўзлари ичишади”. Йўқотилган ишонч учун ҳам, қўлдан чиқарилган ахборот ташаббуси учун ҳам жавобни ўзлари беришлари керак.
Мен учун журналистик фаолиятимда ҳамма қатори “тегиниб бўлмас” мавзулар бор ва бу йилдан-йилга ортиб бормоқда. Имкон қадар мана шу “деворлар”ни ёришга, “қизил чизиқ”ларни босишга ҳаракат қиламиз.
Тайёрлаган материалимни кўп ҳолларда “юқори”дан келган қўнғироқлар билан ўчириб юборганман. Бундай вазиятлар кўп бўлади. Адашмасам, 2019 йил эди, шекилли. Ўшанда Қашқадарё вилоятидан тайёрлаган битта материалим жуда кучли босимлар билан ўчириб юборилган. Бу мақола жамоатчиликнинг эътирози ортиб кетганидан кейин қайта эълон қилинганди. Афсуски, бу воқеа ягона эмас.
“Тўполон қилиб бўлса ҳам лавҳамни эфирга ўтказаман”
Юлдуз Олимова “Менинг юртим” телеканали журналисти:
Мен шахсий сўз эркинлигимни 7 баллга баҳолайман. Чунки кўп танқидий материаллар тайёрласам ҳам менга у даражада босим йўқ. Лавҳаларим эса ҳеч қачон эфирдан олинмаган. Тўполон қилиб, бадиий кенгаш билан жанжаллашиб бўлса ҳам, раҳбарларнинг олдига кириб, ўзим тайёрлаган лавҳани эфирга берганман.
Ўзим тўла-тўкис тушунмаган мавзуларга умуман қўл урмайман. Мавзуни ўрганишни бошлаганимда уни тўлиқ ўргандимми, тагига етиб бордимми, дея таҳлил қиламан. Агар шунга ишонч ҳосил қилсамгина эфирга бераман. Лекин камчилиги борлиги, қайсидир жойи асоссиз бўлиб қолгани ёки масъуллардан етарли маълумот ололмаганимни сезсам, ўша мавзуни ёритмайман.
Охирги пайтларда асосан Президент қарор, фармонларининг ижролари юзасидан қонунчиликда келтирилишини текшириб, уларни амалга ошириш қайси идорага топширилгани, нима сабабдан ижроси тўхтаб қолгани ҳақидаги танқидий-таҳлилий материаллар тайёрламоқдаман. Асосий йўналишим эса коррупцияга қарши курашиш ва давлат идораларида очиқликни таъминлаш.
“Ҳозир жуда ижобий кайфиятда эканлигим боис, 4 баллга баҳолайман”
Инобат Ахатова, “Oyina.uz” журналисти:
Ҳозир жуда ижобий кайфиятда бўлганим учун сўз эркинлиги даражасини 4 баллга баҳолайман, “минус” эмас, ноль эмас. Менимча, сўз эркинлиги 10 баллдан 10 баллга баҳоланадиган давлат бўлмаса керак. Лекин нисбатан баланд – 8-9 балл оладиган жамиятлар ҳам бор. Нега паст баҳо берганимнинг сабаби, тан оламизми, йўқми, Ўзбекистонда ҳар томонлама мустақил ва эркин бўлган оммавий ахборот воситасини кўрсатиш мушкул. Ўзини мустақил деб биладиган хусусий айрим оммавий ахборот воситаларимиз ҳам бориб-бориб давлат назоратига ўтиб кетяпти ёки қандайдир шахслар манфаатларини ифодаловчи материаллар чиқяпти. Шу сабаб, бизнинг сўз эркинлигимиз даражаси ошиши учун, аввало, мустақил ОАВлар сони кўпайиши керак. Давлат максимум даражада матбуотнинг ишига аралашмаслиги лозим. Низоли вазиятлар ҳам суд орқали ҳал қилиниши зарур.
Шахсий журналистик фаолиятимда ҳеч ким бирор мавзуни ёритишимдан чекламаган. Бироқ менинг ҳам ўзимга яраша ички цензурам бор. Журналист сифатида, этика жиҳатдан тўғри келмаслиги сабаб, диний мавзуларга “тегинмайман”. Бундан ташқари, нафақат мен, балки бошқа журналистлар учун ҳам ҳозирча вазирлар ва юқори давлат амалдорлари “тегиб бўлмайдиган” мавзу бўлиб қолмоқда.
“Эркинликдан фойдалана оладиган журналистлар кам...”
Сарвар Баҳодиров, “My5” телеканали журналисти:
Мен сўз эркинлиги даражасини 10 баллик тизимда 6 баллга баҳолаган бўлардим. Бунинг сабаблари бор, албатта. Айни кунларга келиб эркинликдан фойдаланаётган журналистлар етарлича. Уларнинг сафига кириш учун ижодкорларнинг ўзида шижоат бўлиши керак. Менинг назаримда, матбуот эркинлигидан фойдалана оладиган журналистларнинг камлиги сўз эркинлиги даражасини шундай баҳолашимга сабаб бўлади.
Кадрлар салоҳиятини, уларнинг малакасини доимий ошириб бориш тизимини тўғри йўлга қўйиш ва шижоатли ёшлар сонининг кўпайиши ортидан матбуот эркинлиги даражаси ҳам ошиб борса ажаб эмас.
Шахсан мен учун ҳам “тегиниб бўлмайдиган” мавзулар бор. Умуман олганда, бундай мавзуларнинг борлиги ўзимизнинг салоҳиятимиз билан боғлиқ. Ўз устимизда ишлашда давом этсак, бундай мавзулар рўйхати ҳам қисқариб боради. Хоҳлаймизми, йўқми исталган давлат ОАВларида табу мавзулар бўлади. Бу ваҳима қиладиган ҳолат эмас.
Мен шу вақтгача тайёрлаган материалимни қўнғироқлар асосида ўчириб юбориш ҳолатига дуч келмадим. Лекин яқинда бир таҳлилий репортажни ўрганиш жараёнида кадрлар ўчиб кетди. Аммо бунда бизга нисбатан ҳеч қандай босимлар бўлмади. Техник хатолик сабаб шундай ҳолат кузатилди. Шунга қарамай, раҳбариятнинг қўллови билан ўша репортажни барибир эфирга бердик.
Айтмоқчиманки, таҳририятингиздаги раҳбарият жамоаси сизни қўллаб-қувватласа, “қўнғироқлар” сизгача етиб келмайди. Қўнғироқларни “фильтрлайдиган” инсонлар сизни ҳимоя қиладиган бўлса, муаммосиз ишлашда давом этаверасиз. Шунинг учун ҳам бунда таҳририятларнинг роли катта.
“Ўзбекистон сўнгги 2 йилда ортга қадам ташлади”
Темурмалик Тожиддинзода, блогер:
Кеча ОАВ фаолияти бўйича “Чегара билмас мухбирлар” рейтинги эълон қилинди. Унда Ўзбекистон 45,73 балл билан, 180 та давлат ва ҳудуд орасида 137-ўринни эгаллаган. Шунинг ўзи бизда ҳолат кўнгилдагидек эмаслигини кўрсатиб турибди.
Олдинлари Ўзбекистон ҳукумати бу каби рейтингларга алоҳида эътибор қаратар ва ундаги ўрнимизни яхшилашга ҳаракат қилар эди. Сўнгги йилларда эса ҳукуматда халқаро ташкилотларнинг баҳосига нисбатан қандайдир бефарқлик аломатлари сезилаётгандек, уларнинг ҳисоботлари шунчаки тотал игнор қилинмоқда. Бу жуда хавотирли.
Фикримча, Ўзбекистон сўнгги 2 йилда сўз эркинлиги бўйича ортга қадам ташлади. ОАВ ходимлари ва блогерларда “самоцензура” кучайган, қўшимчасига, бир нечта ижтимоий тармоқ фаолига қарши иш очилди.
Қачонлардир Комил Алламжоновдан яхши таклиф янграган эди, у ўшанда “Ўзбекистонда одам айтган гапи учун қамалмаслиги керак”, деган. Эсимда, ўшанда кўпчилик бу таклифни қўллаб-қувватлаган. Мана, биз ҳозир АҚШда сафар билан юрибмиз, бу ерда одамлар журналистнинг қамалишини тасаввур ҳам қила олмайди. Чунки сўз эркинлиги ва журналист дахлсизлиги АҚШ сиёсати учун олий қадрият ҳисобланади.
Албатта, бу журналист умуман жазоланмайди дегани эмас, агар журналист томонидан қонун бузилса ва бу суд орқали исботланса, у мўмай миқдордаги жаримани тўлаб беришига тўғри келади. Аммо зинҳор ва зинҳор қамоққа олинмайди. Шу амалиётни Ўзбекистонда ҳам қўллашмоқчи эди, лекин афсуски, бу таклифлар қоғозда қолиб кетди.
Шахсий фаолиятимга келсак, мен учун миллий ва диний мавзулар “тегиниб бўлмас”лар сирасига киради. Ўзбекистонда ўзбек жамоатчилиги учун жиддий хавф туғдириши мумкин бўлган иккита мавзу бор: миллат ва дин. Мен авваллари дин мавзусида жуда кўплаб постлар ёзардим, қизиқардим ва бошқаларни ҳам қизиқтиришга ҳаракат қилардим. Лекин ўз тажрибамдан бир нарсани аниқ билиб олдим, дин ва миллат мавзусида ёзадиган инсоннинг тепаликка чиқиб олиб, дор устида юрган дорбозлардан фарқи йўқ: агар нотўғри қадам қўйилса, жарликка қулаб тушиши муқаррар. Шунинг учун агар одамда билим даражаси етарли бўлмаса, яхшиси, бу мавзуларга аралашмагани маъқул.
Биламан, маҳаллий журналистларга турли жойлардан “қўнғироқлар” бўлиб туради, лекин шахсан ўзим бундай ҳолатларга дуч келмаганман.
Шуни қўшимча қилишни истардимки, менга қандайдир қўнғироқ ёки таҳдид бўладиган бўлса, мен шу заҳотиёқ бу ҳақда ҳаммаёққа жар соламан. Жим ўтириб, уларнинг айтганини қилиш ниятим йўқ. “Қўнғироқларни” қабул қилувчи бошқа медиа вакилларига ҳам шуни тавсия қилган бўлардим.
“Ижтимоий босим тўсқинлик қилади”
Азиза Қурбонова, Президент матбуот хизмати Медиа маркази журналисти:
10 баллик тизим доирасида баҳолаш қийиндир-ов. Чунки, бу жуда кўп омилларга боғлиқ. Идеал кўрсаткич ҳеч қаерда йўқ. Шу 10 баллик тизимни бизнинг “аввалги ва ҳозирги матбуот” контекстидан қарайдиган бўлсак, мен 7 балл бераман. Нимага? Ушбу саволни бераётганингизнинг ўзиям журналистика ва блогингда эркин фикр ва таҳлилга майдон бор дегани. Мен бу 7 баллимни асосан электрон ва айниқса, хусусий ОАВ фаолиятини кузатган ҳолда беряпман.
Тан олиш керак, журналистларнинг фаолиятида ўзи, таҳририят қўядиган "табу" мавзулар бор, баъзан журналистларга шу пайтгача эълон қилинган айрим мақолаларнинг "404"га учраши сигнал бўлса, баъзан эса айрим мавзуларни кўтаришга ижтимоий босим тўсқинлик қилади.
“Тўлақонли эркинлик бор, дея олмайман”
Умид Гафуров, блогер:
Ўзбекистондаги сўз эркинлигига 5 балл берган бўлардим. Сабабини сўрасангиз, сўз эркинлиги йўқ деб бўлмайди, қанақадир сўз эркинлиги мавжуд. Лекин тўлақонли эркинлик бор, деб ҳам бўлмайди. Ҳали анча ўсишимиз керак.
Менинг фаолиятимда “тепадан вызов” билан постларимни ўчириб юбориш ҳолатлари бўлмаган, ҳаммаси яхши, десам алдаган бўламан.
Кўпинча ўзимнинг айбим билан шундай бўлган: ҳиссиётга берилиб, кимнингдир шахсиятига тегган ёки нотўғри маълумот берган бўлишим мумкин. Аммо бунда ҳам “тепадан” огоҳлантирилганим учун эмас, ўзимнинг хатойимни тушунганим, ҳуқуқшунос танишларим айтгани учун ўчирганман. Шунинг учун маслаҳатим – ҳиссиётга берилмасдан, қаерда яшаётганимизни, қандай одамлар орасида яшаётганимизни билиб, шунга мос контент билан шуғулланишимиз керак.
LiveБарчаси