Теҳронда француз тили маркази жосусликда айбланиб ёпилди
World
−
10:13 412 3 minutes
Франция Эрон ҳукумати Теҳрондаги элчихонасига қарашли француз тили марказини ёпганидан сўнг Эрон элчисини чақириб, тегишли чоралар кўришини билдирди. Бу ҳақда Франция Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
“Эрондаги Франция маданий ҳузурига қарши ушбу янги ҳужум, жорий йилнинг ўтган июль ойида Франция элчихонасининг икки ходимига қилинган ҳужумдан кейин содир бўлди ва уни оқлаб бўлмайди ҳамда қабул қилиб бўлмайди”, деган Франция Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Паскаль Конфаврё баёнотида.
Икки давлат ўртасидаги муносабатлар Эроннинг ядровий дастури ва Теҳрон томонидан бир неча нафар Франция фуқаросининг ушлаб турилиши сабаб йиллар давомида таранг бўлиб келган.
Франция фуқаролари озод қилинганидан кейин ва Париж АҚШнинг Эронга қарши урушида иштирок этмаслигини билдирганидан сўнг муносабатлар яхшиланган эди. Бироқ ёзда Франциянинг икки дипломати ҳибсга олиниб, кейин мамлакатдан чиқариб юборилганидан сўнг вазият яна кескинлашди. Франция ҳам бунга жавобан икки нафар Эрон дипломатини мамлакатдан чиқаришини маълум қилди.
Эроннинг ярим расмий “Tasnim” ахборот агентлиги кеча, 20 сентябрь куни аввалроқ Теҳрон прокуратурасининг суд қарори асосида француз тили маркази ёпилганини хабар қилганди.
Эрон расмийлари марказ бир неча йил давомида хорижий тилларни ўқитиш ниқоби остида фаолият юритганини ва лицензия олиш ҳақида бир неча бор огоҳлантирилганини билдирган. Теҳрон марказни Эрон маданияти ва миллий хавфсизлигига қарши фаолиятда айблаган. Жумладан, расмийлар марказ одамларни аниқлаш ва тармоқлар тузиш, шунингдек, малакали эронликларни мамлакатдан чиқиб кетишига кўмаклашиш билан шуғулланганини айтган.
Франция бундай айбловларни аввал ҳам рад этган. Париж йил бошидаги намойишларни бостиришдан сўнг Эрон фуқаролик жамиятини қўллаб-қувватлаш ва у билан алоқаларни кучайтиришга ҳаракат қилган бир пайтда сўнгги ойларда қўрқитиш ҳолатлари кузатилганини билдирган.
Дипломатларнинг айтишича, Эрон Франция ташқи ишлар вазири Жан-Ноэль Барронинг Маҳса Амини вафотининг тўртинчи йиллиги муносабати билан яқинда ижтимоий тармоқда қолдирган постига ҳам норози бўлган.
18 сентябрь куни Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Барронинг постига жавоб қайтариб, уни “тимсоҳ кўз ёшлари” деб атаган ва Парижни мустақиллик уруши даврида 1,5 миллион нафар жазоирликни ўлдирганликда айблаган.
“АҚШ мактаб ўқувчиларимизни қирганда сукут сақлаганингиз ҳаммасини кўрсатиб қўйди”, деган у.
Ароқчи бу билан Теҳрон АҚШ жавобгар деб ҳисоблайдиган Эрондаги ҳужумга ишора қилган. Икки давлат Ташқи ишлар вазирлари эртага, 22 сентябрь куни БМТ Бош Ассамблеяси доирасида дунё етакчиларининг йиллик йиғилишида учрашиши кутилмоқда.
Live
All