ТДТ эсдалик тангалари сотувга чиқди
Олам
−
08 Ноябрь
1845Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған 6 ноябрь куни Қирғизистон пойтахти Бишкекда бўлиб ўтган Туркий давлатлар ташкилотининг 11-саммитида қатнашган давлат раҳбарларига саммит учун махсус тайёрланган эсдалик тангаларни тақдим этди. Бу ҳақда TRT хабар берди.
Зарбхона ва штамп босмахона бош бошқармасидан олинган маълумотларга кўра, 2024 йилги эсдалик танга чоп этиш дастури доирасида ТДТ учун махсус эсдалик танга ишлаб чиқилган.
“Турк Давлатлари Ташкилоти эсдалик тангаси дизайнида турк давлатлари ўртасидаги чуқур илдиз отган алоқалар ва ҳамкорликни ифодаловчи бой деталлар мавжуд. Эсдалик танганинг чоп этилиши билан ТДТнинг халқаро фаолияти ва маданий қадриятлари таъкидланган бўлса, унинг дизайнида турли хил визуал ва чизмалар қўлланилган. Дизайн жараёнида ТДТ логотипини биринчи ўринда ушлаб туриш билан бир қаторда, визуалдаги бошқа элементлар ташкилот мавзусини акс эттиришга қаратилган”, дейилади хабарда.
Эсдалик танганинг олд томонида ташкилот логотипи жойлашган бўлса, логотип атрофида 8 қиррали Салжуқий юлдузи тасвирланган. Ушбу юлдузнинг ҳар бир бурчаги ташкилот қадриятлари ва фалсафасини акс эттирувчи 8 хил маънони англатади, жумладан марҳамат, шафқат, сабр-тоқат, ростгўйлик, сир сақлаш, садоқат, саховат ва миннатдорчилик.
Эсдалик танганинг орқа томонида ташкилотга аъзо давлатлар – Туркия, Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Венгрия, Қирғизистон ва Озарбайжон байроқлари айлана атрофида йиғилган ва “Тилда, ғояда, ишда бирлик” ибораси ёзилган. Бу шиор ушбу мамлакатлар ўртасидаги моддий ва маънавий бирликни англатади.
Пул ўртасида жойлашган чуқурчалар тўқимаси маҳсулдорлик, меҳнатсеварлик ва бирдамликни ифодаласа, бу тўқима устидаги икки қўлнинг қўл бериб кўришиши ҳар бир соҳадаги ишончлиликни, минтақавий ва бошқа географиялар учун тинчлик ва бирлик рамзига айланган ташкилотни акс эттиради.
Туркий давлатлар ташкилотининг эсдалик тангаси диаметри 38,61 миллиметр, оғирлиги 23,33 грамм бўлиб, бронза металлга оксидланган ҳолда босилган. Кўпи билан 5 минг дона эсдалик танганинг муомала муддати 7 ноябрдан бошлаб 2 йил қилиб белгиланди.
Сўз юритилган эсдалик танга Бешиктошдаги Mint's Collection дўконида ва emagaza.darphane.gov.trманзилида 900 лирага сотилди.
LiveБарчаси