Тбилисидаги намойишларда 100 дан ортиқ полициячи жароҳатланди

Олам

image

Грузия пойтахти Тбилиси шаҳрида сўнгги кунларда намойишчилар ҳаракатлари оқибатида 100 дан ортиқ ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари жароҳатланди, 200 дан ортиқ намойишчи қўлга олинди. Бу ҳақда Грузия Ички ишлар вазирлиги хабар берди. 

“1-2 декабрь кунлари намойишчиларнинг зўравонлик ҳаракатлари оқибатида 21 нафар ИИВ ходими жабрланди. Уларга тиббий ёрдам кўрсатилмоқда. Намойишларда умумий 113 нафар ИИВ ходими жабрланган, улардан тўрт нафари ҳануз клиникада қолмоқда”, дейилади хабарда. 

Билдирилишича, Грузия парламенти олдида бошланган ва ҳануз давом этаётган намойишлар давомида норозилар полициячилар томон тошлар, шиша идишлар ва темир буюмлар отган, шунингдек, пиротехникадан фойдаланган. ИИВ эса намойишчиларни норозиликни тинч йўл билан билдиришга чақирган. 

Маълумот учун, жорий йилнинг 28 ноябрь куни Грузияда ҳукуматга қарши намойишлар тўлқини бошланди. Намойишлар ҳар куни кечқурун бошланиб, тонггача давом этмоқда ва полиция томонидан тарқатилмоқда. Айрим намойишчилар ҳуқуқни муҳофаза қилувчиларга турли буюмлар отмоқда ва уларга қарши пиротехникадан фойдаланмоқда. Бунга жавобан ҳуқуқ-тартибот ходимлари махсус воситалар, жумладан сув пуркагичлар ва қалампир гази ишлатмоқда. 200 дан ортиқ намойишчи қўлга олинган.

Намойишларга асосий сабаб Грузия Бош вазири Ираклий Кобахидзе томонидан билдирилган баёнот бўлди. Унинг сўзларига кўра, “Грузия орзуси – Демократик Грузия” ҳукумат партияси 2028 йилгача Европа Иттифоқига аъзо бўлиш бўйича музокараларни кун тартибига қўймаслик ва Европа Иттифоқидан келадиган барча бюджет грантларидан воз кечишга қарор қилган. Ҳукумат раҳбарига кўра, бу қарор қабул қилинишига сабаб Европа Иттифоқи томонидан музокараларни бошлаш бўйича доимий босим, парламент қабул қилган қонунларни бекор қилиш талаби ва грузин ҳукуматига қарши санкцияларни жорий этиш чақириқлари бўлган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тбилиси марказидаги парламент биноси олдидаги намойишда полиция 107 кишини қўлга олгани ва тўқнашувлар оқибатида ўн нафар полиция ходими жароҳатлангани хабар қилинган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Грузия Тбилиси намойиш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг