Тбилисида “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонунга қарши норозилик намойишлари бўлиб ўтди. 14 киши ҳибсга олинди (видео)

Олам

image

Грузия парламентининг ҳуқуқий масалалар бўйича қўмитаси “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қўллаб-қувватлади. Парламент тингловлари бугун, 16 апрель кунига белгиланди. Бу ҳақда “Mtavari” телеканали хабар берди.

Шундан сўнг Тбилисидаги парламент биноси ёнида норозилик намойишлари бошланди. Маҳаллий нашрларнинг ёзишича, майдонда Грузия ва Европа Иттифоқи байроқлари, шунингдек, “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун қабул қилинишига қарши плакатлар билан бир неча минг киши тўпланган. Полиция митинг ташкилотчиларини қонунни бузмасликка чақириб, огоҳлантириш чиқарди.

Тез орада Руставели проспектида ҳибсга олишлар бошланди. Грузия Ички ишлар вазирлиги 14 киши ҳибсга олингани ҳақида хабар берди. Бундан ташқари, намойишчиларнинг ҳаракатлари оқибатида бир полициячи жароҳат олди.

Грузия Президенти Саломе Зурабишвилининг ёзишича, махсус кучлар сув тўплари билан “ўзининг Европадаги келажагини ҳимоя қилган тинч аҳолига қарши чора кўришга” тайёр. 

“Ҳибслар давом этмоқда. Грузия қайта советлаштиришга таслим бўлмайди”, деб ёзади Зурабишвили.

Маълумот учун, “хорижий агентлар” тўғрисидаги қонун лойиҳаси 8 апрель куни ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси томонидан парламентда қайта рўйхатдан ўтказилган. 2023 йил баҳорида норозиликлардан кейин қайтариб олинган қонун лойиҳасида “хорижий агентлар” реэстрини яратиш кўзда тутилган эди, унда 20 фоиздан ортиқ хориждан молиялаштириладиган барча нотижорат юридик шахслар ва оммавий ахборот воситалари кўрсатилади. Улар йиллик молиявий ҳисоботни эълон қилишлари керак бўлади. Қонун лойиҳасининг янги таҳририда “хорижий таъсир агенти” атамасини “хорижий давлат манфаатларини кўзлаётган ташкилот” билан алмаштиришга қарор қилинди. 15 апрель куни парламент янги қонун лойиҳасини кўриб чиқишни бошлади.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 15 апрель куни Грузия парламентининг мухолифатдаги “Фуқаролар” партияси аъзоси Александр Элисашвили "хорижий агентлар" тўғрисидаги қонун лойиҳасини муҳокама қилиш чоғида “Грузия орзуси – Демократик Грузия” ҳукмрон партияси ижрочи котиби, парламентдаги кўпчилик етакчиси Мамука Мдинарадзе билан муштлашиб кетганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Грузия Тбилиси хорижий агентлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг