Тайванга кучли тўфон ёпирилиши оқибатида минглаб одамлар электрсиз қолди
Олам
−
04 Сентябрь 2023
4325Тайванда содир бўлган “Хайкуи” тўфони оқибатида камида 44 киши жабрланди, ўн минглаб уйлар электр таъминотисиз қолди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Тайван марказий метеорология бюроси маълумотларига кўра, тўфон маҳаллий вақт билан соат 15:40 атрофида қирғоқ бўйидаги Дунхэ шаҳрига етиб келган. 11 шаҳар ва туманда камида 7113 киши эвакуация қилинган, 48506 та уй электр таъминотисиз қолган.
Шунингдек, зилзила марказида шамол тезлиги соатига 155 км га етган.
“Хайкуи” тўрт йил ичида Тайванга тўғридан-тўғри зарба берган биринчи тўфондир.
Метеорология идорасининг маълум қилишича, тўфон сабаб кучли ёмғир тошқинлари ва кўчкилар келиб чиқиши мумкин. Тоғли Хуалянь округида жами ёғингарчилик миқдори 500 миллиметрдан ошган.
Тўфон аввалроқ якшанба куни соат 17:00 атрофида Тайдун шаҳри яқинидаги қирғоққа тушиши кутилганди.
Маҳаллий ҳукумат маълумотларига кўра, якшанба куни Тайваннинг жанубий ва шарқий қисмидаги етти округ ва шаҳар мактаблар ва корхоналар фаолиятини тўхтатган.
Бундан ташқари, Юньлинь ва чекка Пэнху округлари, Тайнань ва Гаосюн шаҳарлари ва оролнинг беш округи душанба куни мактаблар ва идоралар ёпилишини эълон қилган.
Якшанба куни Тайванга ва ундан 246 та рейс бекор қилинган ёки кечиктирилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойда “Саола” тўфони мамлакат жануби-шарқий соҳилларига яқинлашаётгани муносабати билан энг юқори даражадаги об-ҳаво хавфи эълон қилинган эди.
Акобир Сайидов
LiveБарчаси