Тайванга “Гаэми” тайфуни ёпирилди. Қурбонлар бор
Олам
−
25 Июль
4232Хитойнинг жануби-шарқий қирғоқларига яқин жойлашган Тайвань оролига “Гаэми” тайфуни келиши пасттекисликларда кўчки ва сув тошқини келтириб чиқарди. Оқибатда уч киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “ABC News” хабар берди.
Тўфон Тинч океанининг ғарбий қисмини қамраб олган. Филиппинда эса мавсумий ёмғирларни кучайтирган. Тайвандаги давлат идоралари ва мактаблар икки кунга ёпилди. Расмийлар одамларни уйда ва қирғоқ чизиғидан узоқроқда қолишга чақирган.
“Гаэми” тўфони оқибатида ҳалок бўлганлар айрим манбаларда 2-3 нафарлиги, баъзиларида эса 22 нафарлиги келтирилган. Мамлакат фавқулодда вазиятлар идоралари эса қурбонлар сони 30 кишига яқинлашгани, бу рақамлар ошишда давом этаётганини билдирган. Жароҳатланганлар сони 380 кишидан ортган.
“Синьхуа” ахборот агентлиги Хитойнинг қирғоқ бўйидаги Фуцзянь провинциясида рейслар, поездлар ва паром қатновлари тўхтатилгани, тўфон яқинлашгани сабабли 240 мингдан ортиқ аҳоли эвакуация қилинганини ёзмоқда. Нашрга кўра, бўрон кучсизланиши кутилмоқда, аммо кейинги уч кун ичида бу ички ҳудудларга, жумладан, пойтахт Пекинда кучли ёмғир ёғишига олиб келиши мумкин.
Филиппинда ҳам чўкишлар ва кўчкилар туфайли қурбонлар сони ортган. Полиция маълумотларига кўра, камида уч киши бедарак йўқолган. Филиппин Қирғоқларни қўриқлаш хизматининг хабар беришича, тўфон туфайли тахминан 1,4 миллион литр (370 минг галлон) саноат мазути ортилган нефть танкери Батан провинциясидаги Лимай шаҳри яқинида чўкиб кетган. Қутқарувчилар эса 16 нафар экипаж аъзосидан 15 нафарини қутқариб қолган.
Филиппин Президенти Фердинанд Маркос изоляция қилинган қишлоқларга озиқ-овқат ва бошқа ёрдамларни етказиш бўйича ҳукуматга саъй-ҳаракатларни тезлаштиришни буюрган. Филиппинда ҳам идоралар ва мактаб дарслари тўхтатилди.
Маълумот учун, 2023 йилнинг сентябрь ойида Тайванда “Хайкуи” тўфони оқибатида камида 44 киши жабрланганди, ўн минглаб уйлар электр таъминотисиз қолганди. 11 шаҳар ва туманда камида 7113 киши эвакуация қилинганди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Саудия Арабистонида ёғингарчилик ортидан кучли тўфон ёпирилгани хабар қилинганди.
LiveБарчаси
Тошкент шаҳрининг бош режаси тасдиқланди.
26 Декабрь