Ота қотили бўлган қизга суд ҳукми ўқилди
Жамият
−
29 Апрель 2019
7923Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 24-моддасига кўра, яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқи, инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноят эканлиги қайд қилинган.
Шунга қарамай, одамлар орасида бир-бирининг жонига қасд қилиш ҳолатлари тез-тез учраб туради.
1996 йилда туғилган М.М. исми қиз ҳам отаси С.М. билан ўрталарида келиб чиққан ўзаро жанжал натижасида унинг ҳаётига зомин бўлди. М.М. отасига ошхона пичоғи билан зарба бериб, ҳаёт учун хавфли бўлган оғир тан жароҳати етказган. Натижасида С.М. кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамай туман тиббиёт бирлашмасида вафот этган.
М.М.га нисбатан очилган жиноий иш Жиноят ишлари бўйича Янгибозор туман судида кўриб чиқилди. Бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича Хоразм вилоят Матбуот хизмати хабар берди.
Суд раиси Ш.Хўжаниёзов раислигида ўтказилган суд муҳокамасида, судланувчи М.М.нинг аёллиги, ёшлиги, турмушга чиқмаганлиги, марҳум отасининг ўз қизига нисбатан бўлган ножўя хатти-ҳаракатлари ва шу билан боғлиқ оиласидаги носоғлом маънавий мухитнинг таъсири инобатга олиниб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖК 104-моддаси 3-қисмининг “д” банди (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан ЖКнинг 57-моддаси қўлланилиб, 3 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланди.