Тайвань Россияга ҳарбий дастгоҳлар етказиб беришни тўлиқ тўхтатди
Олам
−
03 Ноябрь
4772Жорий йилнинг 1 ноябрь куни Тайвань Россияга ҳарбий корхоналарда қўлланилиши мумкин бўлган дастгоҳлар етказиб бериш бутунлай тўхтатилганини эълон қилди. Бу ҳақда Тайвань Иқтисодиёт вазирлиги хабар берди.
Вазирликка кўра, ОАВда бундай жўнатмалар бўйича қатор текширувлар эълон қилинганидан кейин экспорт назорати қоидалари кучайтирилган. Хусусан, Россия ва Беларусга нисбатан жорий этилган санкцияларни бирламчи бузганлик учун жарима миқдори сезиларли даражада оширилди – 1 миллион Тайвань доллари (тахминан 31 минг 100 АҚШ доллари). Бундан ташқари, Иқтисодиёт вазирлиги ишлаб чиқарувчилар билан фаол тушунтириш ишлари олиб борилаётгани, уларни қонунчиликка риоя қилишга ва маҳсулотларнинг якуний оқимини назорат қилишга чақираётгани ҳақида хабар берди.
Тақдим этилган маълумотларга кўра, бу ишлар аллақачон ўз натижаларини берган ва Тайвандан Россияга дастгоҳлар экспорти ҳажми нолга камайган.
Шу йилнинг январь ойида Россиянинг “The Insider” нашри ва Тайваннинг “The Reporter” нашри қўшма текширувни эълон қилганди, унда Тайвань ҳукуматнинг Украинапараст позициясига қарамай, Россия армияси корхоналари учун металлга ишлов бериш дастгоҳларининг асосий етказиб берувчисига айлангани таъкидланган. Нашрлар бу экспортнинг Туркия каби учинчи давлатлар орқали амалга оширилаётганига ишора қилган. Февраль ойида Тайпей мақолада келтирилган бир нечта Россия компанияларига қарши санкциялар киритган эди.
Июль ойида “The Insider” томонидан янги тадқиқот эълон қилинганди. Тайваннинг Giant Force компанияси Россияга ракета корпусларининг иссиқликка чидамли қопламасини синовдан ўтказиш учун ажралмас қурилма – тузли туман камерасини етказиб бериш чекловларини четлаб ўтиш ниятида эканлиги маълум қилинганди. Нашрнинг ёзишича, бу схемада Тайвань компаниясининг Хитой заводи, Малайзия транспорт компанияси ва Қирғизистон банки иштирок этган. Натижада, икки мақсадли товарлар экспорти учун санкциялардан қўрққан банклар, жумладан, Хитой банкларининг ҳушёрлиги туфайли етказиб бериш тўхтатилган.
Тайвань дастгоҳларини Россияга етказиб бериш Британия Қироллик бирлашган мудофаа тадқиқотлари институти ва Америка разведка агентликлари учун очиқ манбалардан олинган маълумотларни таҳлил қилувчи АҚШнинг Очиқ манбалар маркази ҳисоботларида ҳам қайд этилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тайвань Мудофаа вазирлиги Россия ҳарбий-денгиз кучларининг иккита кемаси оролнинг шарқий қирғоқлари бўйлаб ўтганини қайд этганди. Тайвань Қуролли кучлари Россия фрегатларининг ҳаракатини кузатган, бунинг учун самолётлар, кемалар ва қирғоқ ракета тизимлари жалб қилинганди.
LiveБарчаси