“Tashkent city”даги кўчаларга ном берилди
Жамият
−
24 Ноябрь 2019
10188Пойтахт Тошкентнинг қоқ марказида қад ростлаган шаҳар ичидаги шаҳарча - “Tashkent city" халқаро ишбилармонлик марказидаги кўчаларга ном берилди.
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар кенгашининг 2019 йил 14 ноябрдаги "Toshkent city" халқаро ишбилармонлик маркази ҳудудидаги янги кўчаларга ном бериш тўғрисидаги” қарорига асосан янги ном берилган кўчалар рўйхати тасдиқланди. Рўйхат қуйидагича:
1. Янги Тошкент кўчаси;
2. Янги Тошкент тор кўчаси;
3. Ўқчи кўчаси;
4. Заргар кўчаси;
5. Хадра кўчаси;
6. Хадра тор кўчаси.
“Tashkent city” халқаро бизнес маркази пойтахтнинг қоқ марказида 80 гектар майдонда қуриляпти. У 8 лотга бўлинган. ХБМни қуриш 2017 йилда бошланган. “Tashkent city” қуриш Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистон Президенти бўлганидан кейинги илк йирик лойиҳаси бўлди.
“Tashkent city” халқаро ишбилармонлик маркази дирекцияси ДУК раҳбари тадбиркор Жаҳонгир Ортиқхўжаев кейинроқ Тошкент шаҳар ҳокими этиб тайинланди.
21 қаватли “Hilton” меҳмонхонаси ва “Congress hall” жойлашган 5-лотнинг умумий майдони 8,8 гектарга тенг. “Congress hall” давлат аҳамиятига молик маҳаллий ҳамда халқаро доирадаги тадбир ва анжуманлар ўтказиш учун мўлжалланган.
Лотдаги ҳар икки лойиҳанинг инвестори “Akfa Dream World” компанияси ҳисобланади. Лойиҳаларга 118 миллион АҚШ доллари миқдорида сармоя киритилган.
Маълумот учун, “Akfa Dream World” компаниясини Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев таъсис қилган.