Ташиев хитойликлар билан боғлиқ вазият ҳақида гапирди
Олам
−
27 Ноябрь 8206 2 дақиқа
Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев бугун, 27 ноябрь куни Кемин туманида янги туғуруқхона қурилиши учун тамал тоши ётқизиш жараёнида маҳаллий аҳоли билан учрашди ва Хитой фуқаролари билан боғлиқ вазиятга изоҳ берди. Бу ҳақда АКИpress хабар берди.
У ўз нутқида бугунги кунда Қирғизистонда республика иқтисодиётининг жадал ўсиши ва ривожланишини таъминлаш борасида катта ишлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
“Совет Иттифоқи давридан буён мамлакатимизда қурилиш, ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, қишлоқ хўжалиги ва бошқа соҳалар амалда эътибордан четда қолди, ҳатто вайрон бўлди”, дейди Ташиев.
У “Хитой-Қирғизистон-Ўзбекистон” темирйўли қурилиши, Давлат ипотека компанияси орқали кўп қаватли тураржой бинолари, “Азаттик Арена” стадиони, Шимолий айланма йўлидаги кўприклар (йўл ўтказгичлар), шунингдек, Фучик кўчасида (Ўш бозори ўрнида) кўп функцияли бозор мажмуаси ва бошқа объектлар қурилишини эслади.
“Айрим кучлар ва фуқароларимиз ижтимоий тармоқларда хитойлик ишчилар кўплиги ёки хитойликлар ҳудудни “ўзлаштираётгани” ҳақида ёлғон маълумот тарқатмоқда, бироқ бу даъволарнинг аксарияти ҳақиқатга тўғри келмайди. Чунки Қирғизистонга келаётган Хитой фуқароларининг 10 фоизи бизнес ва туризмга сармоя киритаётган инвесторлар, тадбиркорлар ва сайёҳлар, қолган 90 фоизи эса иш ва қурилиш соҳаси бўйича келган”, дейди у.
Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари айланма йўлда кўприк қураётган Хитой фуқаролари маҳаллий аҳолини калтаклагани учун 44 нафар Хитой фуқароси қўлга олинганини маълум қилди.
“Жиноят иши қўзғатилиб, унинг доирасида 16 фуқаро тергов изоляторига жойлаштирилди, қолган 28 фуқаро жаримага тортилди. Қонунни бузган хорижлик фуқароларнинг ҳибсга олиниши ва мамлакатдан чиқариб юборилиши қурилиш ишларининг кечикишига олиб келди. Шунга қарамай, Қирғизистон қонунчилиги ҳар қандай қоидабузарликларга қатъий чек қўйишни талаб қилади”, дея таъкидлади Ташиев.
У юзага келган ҳолатлардан келиб чиқиб, давлат ва хусусий тадбиркорлик субъектлари, қурилиш ва моддий-техник таъминот ташкилотлари раҳбарларига маърифий-профилактика ишларини олиб бориш, чет эл фуқароларининг ишлаши ва вақтинча яшаши учун шарт-шароит яратиб, бинолардан чиқиб кетишни тақиқлаш юзасидан тегишли топшириқлар берилганини айтди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қамчибек Ташиев туғуруқхона биносининг қурилиши бошланиши бўйича бўлиб ўтган тадбирда давлатга қайтарилган хусусийлаштирилган мулклар ҳақида гапирганди. У биргина Чуй водийсида жиноят бошлиғи Қамчибек Асанбек (Коля Қирғиз) га алоқадор бўлган 30 миллион долларлик 850 та хонадон давлатга қайтарилиб, улар ипотека орқали аҳолига берилаётганини айтди.
Live
Барчаси