Ташиев “Коля Қирғиз”нинг 30 млн долларлик мулки нимага сарфланаётганини айтди

Олам

image

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев туғуруқхона биносининг қурилиши бошланиши бўйича бўлиб ўтган тадбирда давлатга қайтарилган хусусийлаштирилган мулклар ҳақида гапирди. Бу ҳақда “24.kg” хабар берди.

Унинг таъкидлашича, айрим провокаторлар томонидан қонунга хилоф равишда хусусийлаштирилган ижтимоий объектлар, фабрикалар, заводлар, экин майдонлари, шунингдек, коррупционерлар, уюшган жиноий гуруҳлар аъзолари томонидан қайтарилган маблағлар ва мулклар давлатга қайтарилиши юзасидан ёлғон маълумотлар тарқатилмоқда.

“Биргина Чуй водийсида жиноят бошлиғи Қамчибек Асанбек (Коля Қирғиз) га алоқадор бўлган 30 миллион долларлик 850 та хонадон давлатга қайтарилиб, улар ипотека орқали аҳолига берилмоқда”, деди у.

Қолаверса, уюшган жиноий гуруҳга алоқадор А. Гайдуков томонидан ноқонуний равишда хусусийлаштирилган Тўқмоқ шаҳридаги “Қирғиз Тоо-Таш” мармар заводи ҳам давлатга қайтарилиб, даромад келтирмоқда. Каммолот комбинати, “Винодел” заводи, “Вегетелла” паррандачилик фабрикаси, Қирғизистон кимё металлургия ва “Касиет” корхоналари, “Радио” заводи, консерва заводи, “Каийнда” гўшт комбинати ҳам давлатга қайтарилди.

Қайд этилишича, шу кунга қадар Чуй вилоятида 100 дан ортиқ объект қайта таъмирланган, жумладан, 23 та ижтимоий объект кенг кўламли таъмирдан ўтказилиб, фойдаланишга топширилган. Масалан, Тўқмоқ ва Қора-Болтадаги автовокзаллар давлат тасарруфига ўтказилиб, аҳолига хизмат кўрсатмоқда. Оламиддин туманида иккита мактаб ва бир боғча мукаммал таъмирдан чиқарилган. Шунингдек, Қайинди, Тўқмоқ, Сўқулуқ, Аламудун, Жайил, Иссиқ-Ота шаҳарларида болалар боғчалари, мактаблар, соғлиқни сақлаш муассасалари, спорт иншоотлари, маданият муассасалари фаолияти тикланди.

Шунингдек, “Аю” холдинг компанияси эгаси Шаршенбек Абдукаримовга тегишли 300 гектар ер ва 100 миллиард сомлик мулк ҳам қайтарилди.

“Бу ер ва мулкларнинг барчаси халқ ва давлат манфаатлари йўлида фойдаланилади”, дея қўшимча қилди Қамчибек Ташиев.

Маълумот учун, Қамчибек Асанбек Қирғизистон ва МДҲдаги энг нуфузли “ворзакон”лардан бири бўлган. Тахаллуси – “Коля Қирғиз”. У наркотик бизнеси, қурол-яроғ савдоси, товламачилик, қора кўчмас мулк, талончилик, автомашина ўғирлаш, бандитизм, “пул ювиш”, давлат мулкини ўғирлаш ва буюртма асосида қотиллик қилиш билан шуғулланган. У Қирғизистондаги миллионерлардан бири эди.

2020 йилдан бери Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси криминал авторитетни бир неча бор ҳибсга олган. 2023 йилнинг августида Қамчибек Кўлбоевга нисбатан жиноят иши даъво муддати ўтгани сабабли тугатилган. Криминал авторитет Қамчибек Асанбек Қозоғистонда трансмиллий жиноий ташкилот тузишда гумон қилинган. У 2023 йилнинг октябрь ойида Бишкекда ўлдирилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ “Коля Қирғиз”нинг уюшган жиноий гуруҳига алоқадор 80 гектар ер давлатга қайтарилганди. 


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон Қамчибек Ташиев Коля Қирғиз Қамчибек Асанбек хусусийлаштирилган мулклар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг