Ташиев иштирокидаги йиғилишда 24 нафар амалдор қўлга олинди
Олам
−
26 Сентябрь 2025 15712 2 дақиқа
Жорий йилнинг 24 сентябрь куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раиси Қамчибек Ташиев иштирокидаги йиғилишда вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари ҳамда вакилларидан иборат 24 киши қўлга олинди. Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, йиғилиш мавзуси Чуй вилоятида, Қозоғистон билан чегарадаги “Чалдовар-автомобиль” назорат-ўтказиш пунктидаги вазият бўлган. Қўмита маълумотига кўра, у ерда йирик коррупция схемаси фош этилган.
Аниқланишича, Солиқ хизмати, Ветеринария ва фитосанитария хавфсизлиги давлат инспекцияси, Транспорт вазирлиги ҳузуридаги Оғирлик ва ўлчаш назорати инспекцияси ходимлари, шунингдек, Чегара хизмати ҳарбийлари товарларни Евроосиё иқтисодий иттифоқи давлатларидан ноқонуний олиб киришни уюштирган. Бунинг учун улар киритилаётган товар ҳажми ва қиймати ҳақидаги ҳақиқий маълумотлар ўзгартирилган сохта ҳужжатлардан фойдаланган.
“Ушбу схемага Чалдовар қишлоғи маҳаллий кенгаши депутати ва Ўзбекистон фуқароси алоқадор. Улар “TD Jorgo” ва “Radiant” МЧЖларини рўйхатдан ўтказиб, EОИИ давлатларидан товарларни сохта ҳужжатлар билан ноқонуний олиб кирган. Бу шахслар мунтазам равишда кўрсатилган давлат органлари ходимларига контрабандани яшириш учун “M-Bank” интернет-ҳамёнлари ва нақд пул орқали пора бериб турган”, дейилади қўмита ахборотида.
Маҳаллий депутат ва Ўзбекистон фуқароси жорий йилнинг 18 сентябрь куни қўлга олинган. Улар Солиқ хизматининг етти ходими, Чегара хизматининг олти ҳарбий хизматчиси, Фитосанитария хизматининг етти ходими ва Оғирлик-ўлчаш назорати инспекциясининг тўрт ходими коррупцияга алоқадорлигини тасдиқлаган.
Маълум бўлишича, “ўртакашлар” контрабанда юкининг ҳақиқий эгалари билан келишиб, ҳар бир фура учун 1,5-2 минг доллар олган. Давлат органлари мансабдорлари эса мукофот сифатида 5 мингдан 7 минг сомгача пул олган. Олинган маълумотларга кўра, “Чалдовар-автомобиль” пунктидан давлат органлари ходимлари ҳар куни 80 минг сом йиғиб келган. Республика бюджетига миллионлаб зарар етказилган.
Ташиевнинг айтишича, худди шундай коррупция ҳолатлари Чуй вилоятидаги “Ақ-Жол – автомобиль” ва “Ақ-Тилек – автомобиль” назорат-ўтказиш пунктларида ҳам кузатилгани ҳақида маълумотлар тушмоқда.
МХДҚ раҳбари барча айбдорларни ишдан бўшатишни, уларнинг мол-мулкини ҳибсга олишни, схемага алоқадор шахсларни аниқлаш учун кенг қамровли тергов ҳаракатларини ўтказишни ва уларни ҳибсга олишни буюрган. Шунингдек, давлат органлари раҳбарларининг эгаллаб турган лавозимларини қайта кўриб чиқиш бўйича ҳам тегишли тақдимномалар киритилиши айтилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қамчибек Ташиевнинг Чуй вилоятига юқорида айтилган амалий ташрифи чоғида Транспорт ва коммуникациялар вазирлиги раҳбариятини кескин танқид қилиб, вазирлик таркибидаги коррупцияга оид айбловлар тасдиқланса, жазоланиши, жумладан, қамоқ жазоси билан таҳдид қилгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси31 Декабрь 2025
Фарғона давлат техника университети ректори Қўнғиротбой Шариповга янги ўринбосар бўлди.
30 Декабрь 2025
30 Декабрь 2025
30 Декабрь 2025
29 Декабрь 2025