Ташиев иши бўйича суд қолдирилди

Олам

image

Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) собиқ раҳбари Қамчибек Ташиевнинг иши бўйича суд жараёни айбланувчиларнинг бир қисми иш материаллари билан танишишга улгурмагани сабабли қолдирилди. Бу ҳақда адвокат Икромиддин Айтқулов маълум қилди.

Юристнинг сўзларига кўра, мажлис бир вақтнинг ўзида бир нечта сабабларга кўра кўчирилган. Хусусан, айрим айбланувчилар ҳозирча жиноят иши материаллари билан танишиб чиқишга улгурмаган.

Бундан ташқари, ҳимоя томони мавжуд далиллар бўйича тергов қарорлари устидан Бишкек шаҳар судига апелляция шикояти киритган.

“Шаҳар суди шикоят бўйича қарор чиқарганидан кейин, суд жараёни Бишкекнинг Биринчи май туман судида давом этади. Қамчибек Ташиев суд мажлисларида иштирок этади”, дейди адвокат.

Унинг эслатишича, МХДҚ собиқ раҳбари ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллашга тайёргарлик кўриш ва хизмат мавқеини суиистеъмол қилишда айбланмоқда.

Жиноят иши мазмунан кўриб чиқиш учун аллақачон Бишкек шаҳар Биринчи май туман судига оширилган. Иш бўйича Ташиев билан биргаликда яна етти нафар айбланувчи бор. Шу билан бирга, адвокатнинг айтишича, иш материаллари махфийлаштирилган. Шу сабабли суд мажлислари ёпиқ тартибда бўлиб ўтади, тергов ва суд маълумотларини ошкор қилиш эса тақиқланади.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг февраль ойида Қамчибек Ташиев Қирғизистон МХДҚ раиси лавозимидан озод этилган эди. Унинг ўзи бу бўшатилишни кутмаганини баён қилган. Ўз навбатида мамлакат Президенти Қамчибек Ташиев ҳеч қачон давлат хизматига қайтмаслигини маълум қилган. Орадан кўп ўтмай Жогорку Кенеш депутати Элвира Сурабалдиева ўз интервьюсида Қирғизистон МХДҚ собиқ раҳбари Қамчибек Ташиев давлат тўнтаришига уриниш ташкил қилгани учун ишдан бўшатилганини иддао қилди.

Шундан сўнг Ташиев қирғизистонликларга мурожаат қилиб, уларни норозилик намойишларидан тийилишга чақирди. Шунингдек, ушбу ишда Ташиев билан бирга собиқ бош прокурор Қурманқул Зулушев ва парламент собиқ спикери Нурланбек Тургунбек уулу ҳам шерик сифатида иштирок этаётгани маълум бўлди. Аммо улар айнан нимада айбланаётгани ҳозирча номаълум. Апрель ойи охирида Қирғизистонда Ташиевга расман айблов эълон қилинган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон Қамчибек Ташиев Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг