Ташиев фоҳишахонага борадиган амалдорларни фош қилишга ваъда берди
Олам
−
30 Ноябрь 2023
18608Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Қамчибек Ташиев фоҳишахоналарга бориб, интим хизматлардан фойдаланаётган депутатлар ва амалдорларни кўрсатишга ваъда бермоқда. Бу ҳақда “24.kg” ёзди.
У, қандай лавозимда бўлишидан қатъи назар – улар Жогорку Кенеш депутати, давлат арбоби ёки тадбиркорми, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси уларнинг юзларини ошкор қилади, деб таҳдид қилган.
Ташиевнинг қўшимча қилишича, Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси фоҳишахоналарга кимлар бориб, эскорт қизлар хизматидан фойдаланишини аниқлаган. Унга кўра, аниқланган шахслар орасида Жогорку Кенеш депутатлари, собиқ депутатлар, депутатларнинг ёрдамчи ва маслаҳатчилари, амалдорлар, тадбиркорлар, давлат ва жамоат арбоблари бор.
“У ёки бу амалдор, тадбиркор, депутат бундай ишларга алоқадорлигини кўрсатамиз. Мен ҳаммани огоҳлантираман, шунда биз бундай ҳолатларга қарши кураша оламиз”, дейди махсус хизмат раҳбари.
Қамчибек Ташиевга кўра, мамлакатда қирғиз аёлларининг интим хизматларидан ҳеч ким фойдалана олмайди.
Нашрнинг маълум қилишича, аввалроқ Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси матбуот маркази Бишкек ва Чуй вилоятида караоке клублари ниқоби остида фоҳишахоналар фаолият юритаётгани ҳақида хабар берган.
Қирғизистон Омбудсман институти давлат идораларини Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси томонидан фоҳишахоналарда аниқланган аёллар ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлашга чақирди. Аёлларнинг фотосуратларини чоп этиш ва шахсий маълумотларини ошкор қилиш уларнинг қонун билан белгиланган ҳуқуқларини бузиш эканлигини эслатди.
LiveБарчаси