Ташанов қамоқхоналардаги қийноқларнинг асосий сабабларини айтди
Интервью
−
14 Май 2021
27304Ўзбекистон қамоқхонларида қийноқ борлиги кўп йиллар давомида кундек равшан бўлса-да расман тан олинмаган. Шу вақтгача қамоқхоналарда неча киши қийноқ натижасида вафот этгани ҳақида эса расмий маълумотлар йўқ ва бундай маълумотлар ҳеч қачон эълон қилинмаган.Аммо сўнгги йилларда жазони ижро этиш муассасаларида қийноқ борлиги нафақат тан олинди балки бунга қарши кураш ҳам бошланди.
Сўнгги йиллардаги ЖИЭМларда маҳкумларни қийноққа солишнинг олдини олиш учун курашилса-да, бу балога қарши 100 фоизлик натижага эришилди деб ишонч билан айтиб бўлмайди.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов QALAMPIR.UZ мухбири Феруза Нажмиддинова билан суҳбатда Ўзбекистон қамоқхоналарида қийноқ ҳамон бор-йўқлиги ҳақидаги саволга жавоб берди.
“Ҳозир қийноқлар йўқ деганимиз билан одамлар ишонмайди. Чунки қийноққа учраётганлар бор. Aндижон, Чироқчидаги воқеалар одамларнинг онгида қолади ва ишончсизлик уйғотади. Шу сабабли ҳам вазиятга тўғри баҳо бериш керак. Қийноқлар бор, лекин улар камайяпти, чунки гапириляпти. Ҳамма нарса ошкора бўлгандан кейин, бу каби қийноқлар ўз-ўзидан камайди. Масалан, биттагина камера ҳеч бўлмаганда биргина қийноқнинг олдини олади”, дейди инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Ташанов.
У сўзида давом этиб, қийноқларни келтириб чиқарувчи омилларни айтиб ўтди:
Биринчидан, қийноқлар қамоқхона ходимининг профессионал даражадаги лаёқатсизлигидан келиб чиқади.
Иккинчидан, ходимнинг бўйнидаги юклама кўплигидан. Яъни, унга керагидан кўп миқдорда иш юклатилганидан.
Учинчидан, шаффофлик бўлмаганидан. Шу вақтга қадар камералар бўлмаган ва ҳамма хоҳлаганини қилган.
Тўртинчидан, ходимнинг профессионал даражадаги саводсизлигидан.
Абдураҳмон Ташанов қамоқхоналарни назорат қилиш тизимида ўзгаришлар кераклигини, колонияларни назорат қилишни хусусий секторга ҳам бериш мумкинлигини таъкидлади.
“Юридик университетда ҳаммаси коридорда ўқиган йигитлар. Қийноқнинг шу ва шунга ўхшаш турли омиллари бор. Ходимлардан юкламаларни олишни бир неча бор таклиф қилдим, ходимларнинг кўпи “пенсия”га бир-икки йил қолганлиги учун чидаб ишлайди. Юкламаларни олиш керак ва хусусий изқуварларга йўл очишга имконият бериш лозим. Нима учун хусусий криминалистика марказларига рухсат бериш йўли билан давлатни бўйнидаги мажбуриятларнинг бир қисмини фуқаролик жамияти, демократик институтларга беришимиз керак эмас?! Қамоқхоналарни бир қисмини хусусийлаштирсак, бунинг нимаси ёмон?! Жазосидан келиб чиққан ҳолда бойлар ўтирадиган қамоқхоналар ташкил қилишимиз мумкин. Aлбатта, барча турдаги қамоқхоналарни ташкил қилишда қонуний нормаларни инобатга олиш шарт. Жазони ижро этиш муассасаларининг бир қисми тадбиркорлик фаолиятига ўтказилса, маҳкумлар бош прокурорлар ишлаётган чинни цехларида ишласа, ҳеч ким ўзи ишлатаётган одамини қийноққа солмайди”, дейди Ташанов.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг 23 январида Қашқадарё вилоятининг Чироқчи туманида мол ўғирлашда гумон қилинган 32 ёшли эркак ИИБ ходимлари томонидан калтакланиши оқибатида вафот этганди. Шунингдек, ўтган йилнинг 29 май куни фуқаро A.Aбдукаримов қимматбаҳо тош ўғирлашда гумонланиб, Aндижон шаҳар ИИБга олиб келинган ва шафқатсизларча қийноққа солиниши натижасида шифохонада вафот этганди.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг январь ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 11-ялпи мажлисида Сенат раиси Танзила Норбоева қамоқхоналардаги қийноқлар мавзусига тўхталиб, мазкур масала “кун тартибидан чиқиб кетиши керак”лигини таъкидлаганди.