“Тарихий ватанимга йўл очилди”. “Равшан Золотой” Интерпол қидирувидан чиқарилганига изоҳ берди
Жамият
−
16 июл 7954 3 дақиқа
Аввалроқ, QALAMPIR.UZ “Равшан Золотой” номи билан танилган Равшан Муҳитдиновга нисбатан Интерпол орқали халқаро қидирув тўхтатилгани ҳақида хабар берганди. У ушбу хабар эълон қилинганидан сўнг вазиятга муносабат билдириб, “тарихий ватанига йўл очилганини” маълум қилди. Бу ҳақда у ўзининг Facebook’даги саҳифасида ёзди.
Қайд этиш жоиз, Равшан Муҳитдинов QALAMPIR.UZ’нинг аввалроқ унинг Интерпол орқали халқаро қидирувга берилгани, кейинроқ эса қидирувдан олиб ташлангани ҳақидаги хабарларига муносабат билдирмаган эди. Жорий йилнинг 14 июль куни Ички ишлар вазирлигининг ярим йиллик ҳисобот тадбирида QALAMPIR.UZ журналисти унинг нега Интерполнинг “қизил билдиришномаси”дан чиқарилганига аниқлик киритиш учун масъулларга савол билан юзланди. Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи ўринбосари – Тергов бошқармаси бошлиғи Дилмурод Мирсодиқовнинг жавобига кўра, “Равшан Золотой”га нисбатан аслида 2021 йилда қидирув эълон қилинган. Шундан сўнг, тергов ҳаракатлари давомида унга нисбатан қўйилган айбловлар тасдиғини топмаган ва шу муносабат билан қидирув-тергов ҳаракатлари тўхтатилган. Айнан шу хабардан сўнг Муҳитдиновнинг ўзи ҳолатга муносабат билдирди.
“Дўстлар ва менга ғамхўрлик қилган барча ватандошларим. Билганингиздек, яқинда мен Интерпол томонидан халқаро қидирувга берилган эдим. Сизга шуни маълум қилмоқчиманки, 19 йиллик сургундан сўнг менга қарши барча айбловлар бекор қилинди ва тарихий ватанимга йўл очилди. Бундан буён Аллоҳнинг изни билан мен ҳам халқимнинг содиқ ўғли бўлиб, ватанимизга, байроғимизга ва динимизга хизмат қилишда давом этаман!” деб ёзди у.
Унинг ўз изоҳида “тарихий ватан” тушунчасига мурожаат қилганига эътибор қаратиш мумкин. Бундан англашилишича, Муҳитдинов бошқа давлат фуқаролигига ҳам эга бўлиши мумкин.
Маълумот учун, бу Равшан Муҳитдиновнинг қидирувга берилиб, сўнг ҳаммаси тўхтатилиши билан боғлиқ биринчи ҳодиса эмас. У 2007 йилда (18 ёшида) Жиноят кодексининг бир нечта моддалари (жумладан, жиноий уюшма ташкил этиш) билан айбланиб, қидирувга берилган. У 12 йил давомида Ўзбекистондан ташқарида (асосан Истанбул ва Дубайда) истиқомат қилган. 2019 йилда унга нисбатан эълон қилинган қидирув бекор қилинди ва у Ўзбекистонга қайтиб келди. Хабарларга кўра, Муҳитдинов нисбатан ўша вақтда қўзғатилган жиноий ишлар қайта кўриб чиқилиб, оқланган.
Равшан Муҳитдинов таниқли тадбиркор ва Халқаро ҳаваскор бокс ассоциациясининг ( AIBA) собиқ президенти Ғофур Раҳимовнинг жияни ҳисобланади.
Ижтимоий тармоқларда Равшан Муҳитдиновнинг ўз тоғаси Ғофур Раҳимов билан молиявий масалаларда келишмовчилиги бўлгани ва бу низо ҳатто жисмоний тазйиқларгача бориб етгани ҳақида видеомурожаатлар тарқалган.
Баъзи ОАВ ва экспертлар уни МДҲ ҳудудидаги таъсир доирасига эга шахслар билан яқин алоқада деб ҳисоблашади, бироқ Муҳитдиновнинг ўзи берган интервьюларида бундай иддаоларни рад этиб, шунчаки тадбиркор эканини таъкидлайди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойида Равшан Муҳитдиновнинг божаси – “Реал Санжик” тахаллуси билан танилган тадбиркор Санжар Каримов Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди, 112-моддаси (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 1-қисми ва 273-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбдор деб топилиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилган эди. QALAMPIR.UZ’га оид маълумотларга кўра, Санжар Каримов Равшан Муҳитдиновнинг қайнотаси ҳам куёвларига айблов эълон қилинган даврда ҳибсга олинган. У Жиноят кодексининг қайси моддалари билан айбланаётгани маълум эмас.
Live
Барчаси