Тарихда биринчи марта Россия Халқаро судга киритилмади

Олам

image

Кеча, 9 ноябрь куни БМТ Бош Ассамблеясида бўлиб ўтган овоз бериш жараёни натижасига кўра, Россия вакили Кирилл Геворгян Гаагадаги Халқаро судга иккинчи муддатга сайланолмади. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди

2015 йилдан бери Халқаро суд судьяси бўлиб келаётган Геворгян Бош Ассамблеянинг 117 нафар аъзоси қўллаб-қувватлаган Руминия вакили Богдан-Лучиан Аурескуга ютқазди.

Аурескудан ташқари яна уч нафар янги судья Халқаро судга сайланган – Сара Халл Кливленд (АҚШ), Хуан Вердузко (Мексика) ва Дире Тлади (Жанубий Африка), шунингдек, битта амалдаги судья, Австралия вакили Ҳилари Чарльзуорт қайта сайланган.

Қайд этиш жоизки, собиқ совет иттифоқи ва Россия судьялари 1946 йилдан бери Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг суд тизимида ишлайди. Бугунги сайлов натижасига кўра, биринчи марта Халқаро судда Россия вакили бўлмайди.

Маълумот учун, Халқаро суд 15 судьядан иборат бўлиб, уларнинг ваколат муддати тўққиз йил. Шу билан бирга, бўш қолган беш ўрин учун ҳар уч йилда бир марта сайловлар ўтказилади. Кетма-кет бир неча муддат хизмат қилиш учун ҳеч қандай тақиқ йўқ.

Эътиборли жиҳати шундаки, ҳозирда Гаагадаги Халқаро суд Украинанинг Россияга қарши иккита даъвосини кўриб чиқмоқда. Биринчиси, 2014 йилда Украина шарқидаги россияпараст айирмачиларнинг ҳаракатлари ва Россия Федерацияси томонидан ноқонуний равишда аннексия қилинган Қрим билан боғлиқ. 34 давлат иштирок этаётган иккинчи жараён эса Россия Федерациясининг Донбассда даъво қилинган геноцид ҳақидаги даъволари билан боғлиқ. Киевнинг таъкидлашича, Россия “Геноциднинг олдини олиш тўғрисидаги конвенция”ни суиистеъмол қилиб, ундан Украинага қарши босқинчилик урушини оқлаш учун фойдаланмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Халқаро суд

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг