Тарбиячиси болага латта “едирган” боғчанинг фаолияти тўхтатилади
3-саҳифа
−
02 июл 7418 2 дақиқа
Аввалроқ, Тошкент шаҳридаги боғчаларнинг бирида тарбиячи боланинг оғзига латта тиқиб, қийнагани ва кейинроқ мазкур ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар берилган эди. Ушбу ҳодиса ортидан “Rayyan kids land” боғчасининг фаолияти тўхтатилади. Бу ҳақда Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, вазирликнинг тегишли буйруғига мувофиқ пойтахтда жойлашган “Rayyan kids land” нодавлат мактабгача таълим ташкилотининг лицензия талаблари ва шартларини бажарилиш ҳолатини ўрганишга доир текширув ўтказилган.
Ўрганиш натижаларига кўра, таълим ташкилоти томонидан қонунчилик ҳужжатларида белгиланган 6 та ҳолат бўйича лицензия талаблари ва шартлари қўпол равишда бузилгани аниқланган.
Хусусан, жорий йилнинг 24 июнь куни таълим ташкилоти тарбиячиси А.Г. томонидан тарбияланувчилардан бирига нисбатан жисмоний ва рухий зўравонлик қилингани қайд этилган. Ҳозирда ҳолат бўйича тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан жиноят иши қўзғатилган.
Ўзбекистон Республикасининг “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги қонунида нодавлат таълим ташкилоти томонидан лицензия талаблари ва шартлари бир маротаба қўпол равишда бузилган ва мазкур қоидабузарлик фуқароларнинг ҳаёти ва соғлиғига зиён етказилишига олиб келган бўлса, лицензияни бекор қилишга асос бўлиши қайд этилган.
“Шу муносабат билан, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан “ Rayyan kids land” нодавлат таълим ташкилотига тегишли лицензияни бекор қилиш юзасидан Тошкент туманлараро иқтисодий судига ариза киритилиши маълум қилинди”, дейилади хабарда.
Live
Барчаси