Танзила Норбоева Жаҳон банки вице-президенти билан учрашди
Жамият
−
19 Июль 2019
4050Кеча, 18 июль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти Сирил Мюллер билан музокара ўтказди. Бу ҳақда ЎзА нашри хабар тарқатди.
Учрашувда Ўзбекистонда давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида кечаётган ўзгаришлар, хусусан, иқтисодий-ижтимоий йўналишларда амалга оширилаётган янгиланган сиёсат меҳнат ҳуқуқи, аҳоли саломатлиги, таълим каби соҳаларда сезиларли натижаларга эришиш имконини бераётгани қайд этилди. Бунда Жаҳон банки билан ҳамкорликда ҳаётга жорий этилаётган лойиҳалар муҳим ўрин тутмоқда.
Сирил Мюллер Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган ислоҳотлар, аввало, халқ фаровонлигини оширишга қаратилганини таъкидлаб, мамлакатимизда қисқа муддатда гендер тенглигини таъминлаш, мажбурий меҳнатга чек қўйиш бўйича сезиларли натижаларга эришилганини юқори баҳолади.
Учрашувда Ўзбекистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, иқтисодиётнинг устувор тармоқлари, йирик лойиҳа ва дастурлар ижросига хорижий сармоя, жумладан, халқаро молия институтлари инвестицияларини жалб этиш борасида ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилди.