Танқидий материаллар мудраб ўтирган раҳбарларни уйқудан уйғотмоқда – Мирзиёев
Жамият
−
26 Июнь
8706Қурилиш, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашдаги камчиликлар, ижтимоий ва иқтисодий соҳалардаги муаммолар бўйича бериб борилаётган танқидий ва таҳлилий материаллар жойларда мудраб ўтирган айрим раҳбар ва мутасаддиларни уйқудан уйғотиб, янгича ишлаб, одамларнинг ташвиши билан яшашга мажбур қилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимларига йўллаган табригида сўз боради.
“Авваламбор, ўз истеъдоди ва маҳорати, фидокорона меҳнати билан эл-юртимизга сидқидилдан хизмат қилиб келаётган сиз, миллий журналистикамиз жонкуярларини, соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган муҳтарам фахрийларимизни 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни билан чин қалбимдан самимий муборакбод этиб, барчангизга юксак ҳурматим ва эзгу тилакларимни изҳор этаман”, деб бошланади Президент табриги.
Мирзиёевнинг таъкидлашича, бугунги кунда жамиятда очиқлик ва ошкораликни ривожлантириш, давлат идоралари ва уларнинг мансабдор шахслари фаолияти устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, фуқароларнинг қонуний мурожаатларини ўрганиш ва ҳал қилиш борасида ОАВ вакилларининг ўрни ва таъсири тобора ортиб боряпти.
“Шу ўринда газета ва журналларимиз, теле ва радио каналлар, ижтимоий тармоқларда турли мавзулардаги долзарб чиқишлар, муаммоли масалалар юзасидан мутахассис ва экспертлар иштирокидаги кўрсатув ва эшиттиришлар, таҳлилий шарҳлар, баҳс-мунозаралар сезиларли равишда кўпайганини таъкидлаш лозим”, дейилади Президент табригида.
Қайд этилишича, буларнинг барчаси миллий медиа воситалар “тўртинчи ҳокимият” даражасига яқинлашиб бораётганидан далолат беради.
“Бугунги кунда матбуот иши, журналистлар фаолияти нафақат “тўртинчи ҳокимият”, балки мудофаа, хавфсизлик каби ҳал қилувчи соҳага айланиб бормоқда. Бу эса мазкур йўналишда айнан сизлардек жасур ва довюрак, Ватанни чин дилдан севадиган, ўз касбига содиқ ва фидойи инсонлар тобора кўпроқ бўлишини тақозо этмоқда”, дейилади табрикда.
Таъкидланишича, юқоридаги талабдан келиб чиққан ҳолда, кўп қиррали профессионал билим ва малакага, юксак маънавий-интеллектуал фазилатларга эга бўлган замонавий журналист кадрлар тайёрлаш бундан буён ҳам устувор вазифа бўлиб қолади.
“Шу билан бирга, ахборот майдонини сифатли ва рақобатдош миллий контент билан тўлдириш масаласи ҳар қачонгидан ҳам долзарб бўлиб бораётгани барчамиз учун аён ҳақиқатдир. Шу боис, дунёда юз бераётган воқеа-ҳодисаларни миллий манфаатларимизни ҳисобга олган ҳолда, тезкор ва чуқур таҳлиллар асосида ёритиб бориш ўта муҳим, деб ўйлайман”, дейди Мирзиёев.
Шунингдек, бугунги кунда ёлғон ва асоссиз маълумотларни тарқатиш орқали одамларни алдаш, тўғри йўлдан чалғитиш ҳолатлари кўпайиб бораётгани аҳолининг медиа саводхонлигини оширишни кечиктириб бўлмайдиган вазифа қилиб қўймоқда. Ахборот майдонида юзага келаётган баҳсли тортишув ва муаммолар фақат ва фақат қонун доирасида, ҳуқуқий меъёрлар негизида ҳал этилиши шарт.