Таниқли ёзувчи ва таржимон Бобохон Муҳаммад Шариф вафот этди

Маданият-санъат

image

Кеча, 5 февраль куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли ёзувчи ва таржимон Бобохон Муҳаммад Шариф 77 ёшида вафот этди. Бу ҳақда уюшманинг матбуот хизмати хабар берди. 

Маълумот учун, у 1949 йилда Хоразмда туғилган. Таржима, илмий ва адабий ишларда катта ҳисса қўшган. Кўплаб адабий асарларни турк тилидан ўзбек тилига таржима қилган. Ўзбекистон, Озарбайжон, Туркия ва бошқа миллатларнинг санъатини алоҳида қадрлаган. Қўшни халқлар билан адабий алоқаларни мустаҳкамлашда муҳим роль ўйнаган. Ўзбек ва жаҳон адабиёти ҳамда маданиятига катта ҳисса қўшган. 

1966 йилда ўрта мактабни олтин медаль билан тамомлаб, Тошкент Давлат университетининг филология факультетига ўқишга кирган. Университетни имтиёзли диплом билан тугаллаб, “Муштум” журналида меҳнат фаолиятини бошлаган. Кейинчалик “Тошкент оқшоми” газетасида мухбир, “Ўзбекистон” нашриётида бўлим мудири, Ўзбекистон Республикаси Давлат Матбуот қўмитасида Бош муҳаррир-нашриётлар бошқармаси бошлиғи, Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёт-матбаа бирлашмаси бош директори, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясининг “Академия” нашриёти, сўнгра “Мусиқа” нашриёти директори лавозимларида ишлаган.

Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг “Дунё янада одил бўлиши мумкин” китоби ўзбекча нашрига (2022) масъул муҳаррирлик қилган.

Шунингдек, ўзбек ва турк киноижодкорлари ҳамкорлигида суратга олинган “Мендирман Жалолиддин” сериалининг сценарий муаллифларидан бири ва сериалнинг бош маслаҳатчисидир.

Президент ташаббуси билан 2022 йилда нашр этилган “Туркий адабиёт дурдоналари” 100 жилдлик китоблар туркумида таржималари билан фаол иштирок этган.

Бобохон Муҳаммад Шариф – халқаро “Маҳмуд Қошғарий” (Ўзбекистон) ва “Турк дунёсига хизмат” (Туркия), “Қорачаўғлон” (Туркия), “Озарбайжоннинг яқин дўсти” ва “Расул Ризо” (Озарбайжон) мукофотлари совриндори. 2023 йил “Дўстлик” орден билан мукофотланган.

Эслатиб ўтамиз, 23 январь куни таниқли журналист, меҳнат фахрийси Абдусамад Йўлдошев 86 ёшда вафот этганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Бобохон Муҳаммад Шариф

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

Мавзуга доир янгиликлар