Талабалар Gemini AI Plus’дан бир йил бепул фойдаланиши мумкин
Ўзбекистон
−
09:11 227 2 дақиқа
Талабалар Google’нинг Gemini AI Plus сунъий интеллект хизматидан 12 ой давомида бепул фойдаланиш имкониятига эга бўлди. Бунинг учун HEMIS иловасидан талабалик гувоҳномаси ва ўқиш жойидан маълумотномани юклаб олиб, Gemini орқали махсус таклифга ариза юбориш керак. Бу ҳақда Таълим ва илм-фан вазирлиги хабар берди.
Маълум қилинишича, бепул обунани фаоллаштириш учун дастлаб HEMIS мобил иловасига кириб, “Ҳужжатлар” бўлими орқали талаба ID гувоҳномаси ва ўқиш жойидан маълумотномани юклаб олиш лозим. Кейин Gemini иловасида профиль менюси очилиб, Google AI Plus бўлимига ўтилади. У ерда талабалар учун махсус таклиф танланиб, “Кириш ҳуқуқини олиш” ва “Давом этиш” тугмалари босилади. Шундан сўнг мамлакат ва таълим муассасаси кўрсатилиб, исм-фамилия, туғилган сана ҳамда электрон почта манзили киритилади.
Кейинги босқичда HEMIS орқали олинган талабалик гувоҳномаси ва ўқиш жойидан маълумотнома тизимга юкланиб, ариза юборилади. Ариза тасдиқланганидан сўнг тўлов картаси маълумотларини киритиш орқали обунани фаоллаштириш мумкин.
Google AI Plus обунаси бир қатор сунъий интеллект воситалари ва қўшимча хизматлардан фойдаланиш имконини беради. Жумладан, Gemini иловасидаги фойдаланиш лимитлари икки баравар оширилади ҳамда илғор Flash Thinking моделига кириш очилади.
Шунингдек, Google Photos, Google Drive ва Gmail хизматлари учун 400 ГБ булутли хотира тақдим этилади. Обунага кинематографик саҳналар ва ҳикоялар яратишга мўлжалланган Google Flow воситаси, Gmail ичида Gemini’дан фойдаланиш, Notebook’нинг тадқиқотга ёрдам берувчи функциялари ҳамда сунъий интеллект асосида ишлайдиган мусиқа студиясидан қўшимча фойдаланиш имкониятлари ҳам киради.
Live
Барчаси