Талаба қизга тажовуз қилгани айтилган “замдекан иши” судга оширилди
3-саҳифа
−
29 Март 2022
15447Тошкент давлат педагогика университетида таҳсил олувчи талаба қизни зўрлашга уринган факультет декани ўринбосари Боғабек Йўлдошевга нисбатан очилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари якунланиб, кўриб чиқиш учун судга юборилди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ’га Бош прокуратура Матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
Тергов давомида Боғабек Йўлдошевга нисбатан Жиноят кодексининг 25 (Жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноят содир этишга суиқасд қилиш), 118-моддаси (номусга тегиш) 1-қисми ва 104-моддаси 1-қисми билан айб эълон қилинган.
Жорий йилнинг 4 март куни жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари якунланиб, томонлар жиноят иши хужжатлари билан таништирилган.
8 март куни жиноят иши бўйича айблов хулосаси тузилиб, жиноят иши айблов хулосасини тасдиқлаш ва тегишли судга юбориш учун Яккасарой туман прокуратурасига юборилган.
10 март куни Яккасарой туман прокуратураси томонидан жиноят иши бўйича айблов хулосаси тасдиқланиб, ЖИБ Яккасарой туман судига юборилган. Шамсуддиновга кўра, иш ёпиқ суд мажлисида кўрилади.
Эслатиб ўтамиз, жабрланувчи Муштарибону Комилованинг иддаосига кўра, у ўтган йилнинг 18 октябрь куни “Зулфия” номидаги давлат мукофотига тавсиянома олиш мақсадида ёшлар ишлари бўйича декан ўринбосари Боғабек Йўлдошев хонасига кирган. Декан хонасидан ҳамма чиқиб кетгач, эшикни қулфлаб, унга тегажоғлик қилган. Қизни диванга ётқизмоқчи бўлганда, у қаршилк кўрсатган ва дераза олдига бориб қолган. Ниятига етолмаган Боғабек Йўлдошев уни итариб юборган.
Шу билан бирга, декан ўринбосари Боғабек Йўлдошев тергов вақтида талаба қизнинг ўзи йигитидан қўрқиб деразадан сакраганини айтган.
Ҳозирда Боғабек Йўлдошев ҳибсга олинган. Ҳолат бўйича Яккасарой тумани ИИО ФМБ тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 118-моддаси (“Номусга тегиш”) ва 105-модда (“Қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш”) аломатлари билан жиноят иши қўзғатилганди.
Мазкур ҳолатдан сўнг Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Қирғизбоев Абдуғаффор Каримжонович Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ректори этиб тайинланиб, собиқ ректор Алишер Умаров лавозимидан озод этилди.
Қайд этиш керакки, ушбу ҳолатга мамлакат Президентининг тўнғич қизи – Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик Кенгаши раиси ўринбосари Саида Мирзиёева муносабат билдириб, “талаба қизларга нисбатан шилқимлик – жиддий муаммо” эканини таъкидлаган.
LiveБарчаси