Тақдирланган Умаров, йил спортчиси бўлган Олимпия чемпионлари... “Uzbekistan Sport Awards-2021” қандай ўтди? (фоторепортаж)

Спорт

image

Бугун, 29 декабрь куни “Uzbekistan Sport Awards-2021” Миллий мукофоти ғолибларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Унда 30 та номинация бўйича энг яхшилар тақдирланди.

Мухлислар ўртасидаги сўров натижаларига кўра, “Йилнинг энг яхши спортчиси” соврини бокс бўйича Олимпия ўйинлари чемпиони Баҳодир Жалоловга насиб қилди.

Республика Комиссияси хулосасига кўра, “Йилнинг энг яхши спортчиси” Ўзбекистон Миллий кубоги ғолиби сифатида оғир атлетика бўйича Олимпия ўйинлари ва Жаҳон чемпионати ғолиби Акбар Жўраев эътироф этилди.

Ҳар икки спортчи 10 000 АҚШ доллари миқдорида пул мукофоти билан тақдирланди.

Шунингдек, “Йил кашфиёти” соврини – таэквондо бўйича Олимпия ўйинлари чемпиони Улуғбек Рашитовга топширилди.

Маросимда Осиё Олимпия Кенгаши вице-президенти Отабек Умаров “Спорт соҳасидаги халқаро ҳамкорликни кучайтиришга қўшган ҳиссаси учун” мукофоти билан тақдирланди. Мукофотни Туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов топширди.

“Спорт соҳасидаги кўп йиллик хизмати учун” Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баходир Махситов тақдирланди.

“Йилнинг энг фаол оммавий спорт тарғиботчиси” сифатида Мудофаа вазирлиги спорт маркази эътироф этилди.

“Спорт ТВ” телеканали журналисти Шафоат Толибжонова “Йилнинг энг фаол спорт журналисти” деб топилди.

“Йилнинг энг фаол спорт фото мухбири” – Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги фото мухбири Алмурат Мамадаминов.

“Йилнинг энг томошабоп спорт тадбирлари ташкилотчиси” сифатида Ўзбекистон аралаш жанг санъатлари ассоциацияси эътироф этилди.

“Йилнинг энг фаол спорт мухлиси” соврини Абдураҳмон Фозиловга насиб қилди.

“Спорт йўналиши бўйича йилнинг энг фаол матбуот хизмати” сифатида Ўзбекистон футбол ассоциацияси эътироф этилди.

“Йилнинг энг яхши спорт шифокори” – Республика спорт тиббиёти илмий амалий маркази бош шифокори Дилшодбек Махмудов.

“Йилнинг энг яхши ҳудудий туризм ва спорт бош бошқармаси”га аталган соврин оммавий спортни ривожлантиришдаги фаоллиги учун Фарғона вилояти Туризм ва спорт бошқармасига топширилди.

“Йилнинг энг яхши спорт терма жамоаси” соврини оғир атлетика бўйича Ўзбекистон терма жамоасига насиб қилди.

“Йилнинг энг фаол спорт мактаби” сифатида Бухоро тумани болалар-ўсмирлар спорт мактаби эътироф этилди.

“Йилнинг энг яхши мураббийи” сифатида Токио-2020 Олимпия ўйинлари чемпиони Улуғбек Рашидовнинг мураббийи Хан Павел бўлди.

“Йилнинг энг яхши ёш спортчиси” – бокс бўйича ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпиони Нигина Ўктамова.

“Йилнинг энг яхши ёш спортчиси” – эркин кураш бўйича ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпиони Камронбек Қадамов.

“Йилнинг энг матонатли эркак спортчиси” – пара енгил атлетика бўйича Токио-2020 Паралимпия ўйинлари ғолиби Элбек Султонов.

“Йилнинг энг матонатли аёл спортчиси” – пара енгил атлетика бўйича Токио-2020 Паралимпия ўйинлари ғолиби Нурхон Қурбонова.

“Йилнинг энг яхши пара спорт мураббийи” – пара енгил атлетика бўйича мураббий Сардор Абдухолиқов.

“Йилнинг энг яхши ёш матонатли спортчиси” – пара енгил атлетика бўйича Токио-2020 Паралимпия ўйинлари ғолиби Бобуржон Омонов.

“Йилнинг энг ҳалол ҳаками” сифатида дзюдо бўйича халқаро тоифадаги ҳакам, Халқаро дзюдо федерациясининг кўплаб мусобақалардаги асосий баҳсларида ҳакам сифатида ишлаган Рамзиддин Саидов эътироф этилди.

“Йилнинг энг яхши спорт федерацияси” сифатида Ўзбекистон камондан отиш федерацияси эътироф этилди.

“Йилнинг энг интилувчан федерацияси” сифатида Ўзбекистон тарихида илк бор Олимпия ўйинларига спортчиси йўлланма олган Ўзбекистон ўқ отиш федерацияси эътироф этилди.

Маълумот учун, “Uzbekistan Sport Awards-2021” маросимида 30 та номинация бўйича энг яхшилар тақдирланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Отабек Умаров Азиз Абдуҳакимов Uzbekistan sport awards Йил спортчилари

Баҳолаганлар

206

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг