Таиландда чемодан ичидан 17 яшар қизнинг жасади топилди
Олам
−
18:22 2924 2 дақиқа
Таиланд полицияси 17 ёшли қиз ўлими юзасидан тергов доирасида Австралия фуқаросини қўлга олди. Қизнинг жасади Паттайя шаҳрида чемодан ичида топилган. Бу ҳақда маҳаллий ОАВларга таяниб, “The Guardian” хабар берди.
Маълумотларга кўра, 46 ёшли австралиялик эркак кеча, 26 июнь куни соат 21:30 атрофида Бангкокдаги Суварнабхуми халқаро аэропортида ҳибсга олинган. Паттайя шаҳар полициясининг маълум қилишича, терговчилар гумондорнинг 17 ёшли таиландлик қиз ўлимига алоқадор бўлиши мумкинлиги ҳақидаги маълумотлар асосида ҳаракат қилган. Қизнинг жасади Паттайядаги Сузувчи бозор ортидаги ҳудуддан чемодан ичида топилган.
Полиция маълумотига кўра, гумондор қиз ўғирланиши ва ўлдирилишига алоқадорлигини инкор этган. Бироқ сўроқдан сўнг у ҳибсга олинган. Терговчилар суд-тиббий экспертиза хулосаси ҳамда бошқа далилларни кутаётгани, шундан кейин расмий айблов эълон қилиниши маълум қилинган. Дастлабки маълумотларга кўра, унга болани ўғирлаш, қотиллик, жасадни яшириш ҳамда вояга етмаган шахсни жинсий мақсадларда ўғирлаш каби айбловлар қўйилиши мумкин.
Қайд этилишича, кузатув камералари тасвирларида гумондор 25 июнь куни тонгда 17 ёшли қиз билан бирга Паттайядаги турар жой биноларидан бирига киргани акс этган. Бир неча соат ўтгач, у бинодан катта қора чемоданни кўтариб чиққан ва уни мотоцикл орқасида олиб кетгани тасвирга тушган.
26 июнь куни полиция темир йўл яқинидан ушбу чемоданни топган. Унинг ичида қизнинг жасади бўлган. Терговчилар жасадда зўравонлик излари мавжудлигини маълум қилган. Паттайя полицияси аэропорт иммиграция хизматига гумондорнинг мамлакатни тарк этишининг олдини олиш учун махсус кузатув топшириғини юборган.
Маҳаллий нашрлар маълумотига кўра, сўроқ вақтида гумондор чемодан ташлаб юборилган жой ҳақида маълумот берган.
“Бу маълумот олингандан кейин иммиграция ходимлари Паттайя шаҳар полицияси терговчилари билан биргаликда кўрсатилган жойни текшириш учун етиб борди. Кейинчалик ўша ердан 17 ёшли қизнинг жасади топилди”, дейилади маҳаллий ОАВ хабарида.
Австралия Ташқи ишлар ва савдо вазирлиги вакили эса мамлакат идоралари Таиландда қўлга олинган Австралия фуқаросига консуллик ёрдамини кўрсатаётганини тасдиқлаган.
“Махфийликка оид мажбуриятларимиз туфайли бу масала юзасидан қўшимча изоҳ бера олмаймиз”, деган вазирлик вакили.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 24 январь куни Истанбулнинг Шишли тумани Куюлубоғ кўчасидаги чиқинди қутисидан 37 яшар ўзбекистонлик Дурдона Ҳакимованинг бўлакланган жасади топилган эди.
Live
Барчаси